Адлия аралашуви билан яна бир мурожаат қаноатлантирилди...
Фуқаро М.Қаҳҳорова туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, аввал Кармана тумани ҳалқ таълими бўлимига қарашли ўрта мактабида ишлаганлиги, аммо асоссиз равишда ишдан бўшатилганлиги, шу сабабли ишдан ноқонуний бўшатилганлиги тўғрисидаги буйруқни қонунийлигини ўрганиб, ишга тиклаб беришни сўраган.
Мурожаатни ўрганиш давомида адлия бўлими томонидан қуйидагилар аниқланди, хусусан фуқаро М.Қаҳҳорова 4-сон ўрта мактабда ишлаб келаётганлиги, у билан мактаб ўртасида 2011 йилда номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузилганлиги аниқланди.
Бўшатилган кунга қадар фуқаро 1 ставка кадрлар менежери вазифасида ишлаган.
Кейинчалик М.Қаҳҳоровадан 1 ставка иш олиб қўйилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат кодексининг 97-моддаси билан бекор қилинган.
Ўрганишда, мазкур буйруқ қабул қилинишида қонун талабларига риоя этилмаганлиги, аммо иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси асоссиз равишда бекор қилинган.
Меҳнат кодексининг 111-моддасида меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозимлиги кўрсатилган.
Қонуннинг 112-моддасида ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилганлиги, мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш шартлигидан, меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёки ходим бошқа ишга ўтказилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлашдан, маънавий зарар учун компенсация тўлашдан иборатлиги кўрсатилган.
Бундан ташқари фуқаро билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлсада, унга бугунки кунга қадар меҳнат дафтарчаси ҳам берилмаган.
Қонуннинг 275-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш лозимлиги кўрсатилган.
Адлия бўлимининг аралашуви билан фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига фуқаро манфаатида буйруқни ҳақиқий эмас деб топиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш тўғрисида даъво аризаси киритилиши таъминланди.
Кармана тумани адлия
бўлими бошлиғи А.Ахмедов
14.04.2021 йил