14 15Фуқаронинг иш стажи тикланиши таъминланди...

Кармана тумани адлия бўлимига фуқаро М.Мамадова мурожаат қилиб, аввал бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Кармана туман бўлимига ёшга доир пенсия тайинлаш масаласида мурожаат қилганлиги, БТПЖнинг 2021 йил 5 февралдаги 02/191-сон қарорига асосан мавжуд иш стажлари 5 йил 10 ой 27 кунни ташкил этганлиги, шу сабабли мазкур иш стажи пенсия тайинлашда етарлича эмаслиги важи билан пенсия тайинлаш рад этилган.
Бироқ, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Кармана туман бўлими томонидан фуқаро М.Мамадованинг турли ташкилотлардаги жами 10 йил 8 ой 23 кун ишлаган даври, ушбу даврда ҳисобланган иш ҳақи ва суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисида маълумотлар йўқлиги сабабли иш стажига қўшилмаган.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг
7-моддасида ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига аёлларга 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлиши белгиланган.
Бундан ташқари, Қонуннинг 42-моддасида меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланиши кўрсатилган.
Давлат архиви томонидан берилган маълумотномада
1982-1989, 1994-2000 йилларда “ВЛКСМ-60 йиллик” совхозининг иш ҳақи ҳисоблаш китобларида фуқаро М.Мамадованинг исм-фамилияси қайд этилмаганлиги маълум қилинган.
Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан фуқаро М.Мамадованинг манфаатида Навоий туманлараро маъмурий судига БТПЖ Кармана тумани бўлимининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва мажбурият юклаш тўғрисида ариза киритилди.
Мазкур ариза сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, туман адлия бўлимининг фуқаро манфаатида киритган аризаси тўлиқ қаноатлантирилди ҳамда фуқаро М.Мамадованинг инобатга олинмаган 10 йил 8 ой 23 кунлик иш даври тиклаб берилди.

Кармана тумани адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси Ж.Ҳамроев
13.04.2021 йил