Карманада 283 гектар майдонда қуёш электростанцияси қурилмоқда
Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси томонидан 100 МВт қувватли қуёш электростанциясининг қурилиш ишлари билан танишди.
2019 йилнинг ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида Давлат хусусий шерикчилик асосида юртимизда биринчи қуёш электростанциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш ва қуриш мақсадида, Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги келишув ва Инвестицион келишув битими имзоланган эди.
Мазкур инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 110 миллион АҚШ долларига баҳоланган ва «Masdar» компанияси томонидан юз фоиз тўғридан-тўғри молиялаштирилади.
Ҳозирда Кармана тумани Малик маҳалласи ҳудудида пудратчи корхона – Хитой Халқ Республикасининг «SEPKO III» LTD компанияси томонидан 283 гектар ер майдонда қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Манба: Kun.uz