ЭНГ ОБОД МАҲАЛЛАЛАР АНИҚЛАНДИ

12 110Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 2021 йил 5 мартдаги 04-02/567-сонли топшириғига, Навоий вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг 2021 йил 10 мартдаги 423-сонли хатида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Кармана туманида жорий йилнинг 22-28 март кунлари “Маҳалла-жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси” деган бош ғояни ўзида мужассам этган “Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги” ўтказилди. Ҳафталик давомида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида “Энг ораста хонадон”, “Энг обод кўча”, “Энг обод кўп қаватли уй” ҳамда “Энг обод маҳалла” кўрик-танловлари ўтказилди.

Ушбу муносабат билан тумандаги “Талқоқ” МФЙ фаоллар залида кўрик-танловларнинг ғолибларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирни туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Ғ. Жумаев кириш сўзи билан очиб, мазкур кўрик-танловларни ўтказишдан асосий мақсад самарали фаолият кўрсатаётган маҳалла раислари ва намунали хонадонларни аниқлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришдан иборат эканлигини таъкидлади.
Кўрик-танловларнинг якунларига кўра, “Энг ораста хонадон” кўрик-танловида “Талқоқ” МФЙ 1-ўрин, “Қаҳрамон” ва “Арабхона” МФЙлари 2-3-ўринларга лойиқ топилди.
“Энг обод кўча” кўрик-танловида “Талқоқ” МФЙдаги “Мустақиллик” кўчаси 1-ўрин, “Алишер Навоий” МФЙдаги Темур Малик кўчаси 2-ўрин, “Дўрман” МФЙдаги “Тадбиркорлар” кўчаси 3-ўринни эгаллашди.
“Энг обод кўп қаватли уй” кўрик-танловида “Талқоқ” МФЙ “Камолот” массивидаги кўп қаватли уйлар 1-ўринга, “Кумушкон” МФЙдаги “Кумушкон” массивидаги кўп қаватли уйлар 2-ўринга, “Дўстлик” МФЙдаги “Ипак йўли” массивидаги кўп қаватли уйлар 3-ўринга лойиқ топилди.
“Энг обод маҳалла” кўрик-танловида “Талқоқ” МФЙ 1-ўрин, “Азамат” МФЙ 2-ўрин, “Нарпай” МФЙ 3-ўринни эгаллашди.
Кўрик-танловларда ғолиб бўлган маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига махсус диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Кармана туман ҳокимлиги ахборот хизмати