12 89

КАРМАНАДА ЎЗБЕКИСТОН-ВЕНГРИЯ ҚЎШМА КОРХОНАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Кармана туманидаги “Кармана Ҳасан барака” масъулияти чекланган жамияти иссиқхоначилик ва чорвачилик билан кўп йиллардан бери шуғулланиб келмоқда. Мазкур корхона бир неча ой илгари Венгриянинг “Hunland Trade Kft” компаниясига таклиф билан мурожаат қилган эди. Шундан сўнг ҳар иккала корхона ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Мазкур йирик хорижий компания 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, зотли қорамолларни парваришлаш, сут чорвачилиги ва чорва ҳайвонларини ташиш билан шуғулланади. Компания томонидан чорва моллари Россия, Украина, Қозоғистон, Ўзбекистон, Хорватия, Босния, Косово, Болгария, Руминия, Австрия, Бельгия, Греция, Испания, Италия, Жазоир, Ливан, Иордания, Марокаш, Албания, Исроил каби мамлакатларга етказилиб берилмоқда.

Қарийб минг нафарга яқин ишчи-ходимларга эга компаниянинг Венгрия ва Грецияда йирик фермалари мавжуд. Шунингдек, мазкур субъект чорвани тўғридан-тўғри харидорларга етказиб бериш учун Европа стандартларига тўлиқ жавоб берадиган энг замонавий юк машиналарига асосланган ўз автоулов паркига эга.
— Бугунги кунда халқимизга арзон сут ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш асосий масала, — дейди “Кармана Ҳасан барака” МЧЖ таъсисчиси, халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши депутати Азиз Сувонов. — Бу борада эса хориж тажрибасини ўрганиш зарур. Венгрия давлати қишлоқ хўжалигининг мазкур тармоғида дунёда еткачи саналади. “Hunland Trade Kft” эса мазкур мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг тармоқли ва дунё миқёсида фаолият олиб бораётган компания саналади.
Қайд этиш керак, мазкур хорижий компания бош директори ва Ёвроосиё бўйича ҳудудий раҳбари, шунингдек маҳаллий тадбикорлар Навоий вилояти ҳокими К.Турсунов қабулида бўлиб, биргаликда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Янги ташкил этиладиган “Hunland EuroАsia” Ўзбекистон-Венгрия қўшма корхонаси хориждан зотли молларни юртимизга олиб келиш ва сотиш, шунингдек зотли моллар парваришини аҳолига ўргатиш, кейинчалик эса ветеринария хизматлари кўрсатишни олдига мақсад қилган.

Кармана туман ҳокимлиги ахборот хизмати