“ҚИЗЛАР ОДОБИ ТАРҒИБОТЧИСИ” АНИҚЛАНДИ
Одоб қизларнинг ҳуснидан ҳам устун турадиган фазилатлардан бири. Қизларга одоб ўргатиш жараёни эса узоқ давом этадиган, нафақат ота-она, балки маҳалла фаолларининг ҳам эътиборини жалб қилиши лозим бўлган кенг қамровли жараёндир. Маҳалллардаги энг фаол одоб-ахлоқ тарғиботчиларини аниқлаш, уларни маънавий-моддий рағбатлантириш мақсадида жорий йилда юртимизда илк бор “Қизлар одоби” тарғиботчиси кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Бугун ана шу танловнинг туман босқичи 2-умумтаълим мактабида ўтказилди. Тумандаги маҳаллалардан энг фаол тарғиботчилар маҳаллада ёш қизларга нафақат касб-ҳунар ўргатиш, балки улар онгу шуурига ўзбекона одоб-ахлоқ, андишаю ибо фазилатларини сингдириш борасидаги амалга ошираётган ишлари, ёш қизлар орасида одобсизлик иллатларининг юзага келиш сабабларини ўзида акс эттирган саҳна кўринишлари каби шартлар асосида ўзаро беллашдилар.
Қизиқарли тарзда бўлиб ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра “Зиёкор” МФЙ фаоли Наргиза Эрмаматова фахрли 1-ўринни эгаллади. “Деҳқон” МФЙ фаоли, маҳалласида Бухоро зардўзлик санъатининг устаси ва тарғиботчиси Нилуфар Хусенова эса фахрли 2-ўринга лойиқ топилди. Нурота каштачилик санъатининг моҳир тарғиботчиси, “Деҳқон” МФЙда кўплаб шогирдлар тайёрлаган Лола Қобилова ва “Мирсаид Баҳром” МФЙда қуроқчилик санъатини одоб-ахлоқ фазилатлари билан ёш қизларга ўргатиб келаётган Гулмира Нурматовалар 3-ўринни эгаллашди.
Ғолибларга Кармана туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва зиё тарқатувчи асосий манбалардан бири бўлган китоблар жамланмалари топширилди.
Кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланма олган Наргиза Эрматовага муваффақиятлар тилаб қоламиз.
А. ЖЎРАЕВ.