ҲОКИМ ТАБРИГИТуман ҳокими Фахритдин Умаровнинг "Наврўз" умумхалқ байрами муносабати билан тумандошларимизга табриги

Қадрли юртдошлар, азиз тумандошлар!

Юртимизда табиат уйғониб, она заминимиз яшил либосга бурканиб, баҳор нафаси уфуриб турган шу муаззам кунларда Сиз азизларни Наврўзи олам - янгиланиш, яшариш байрами билан қизғин муборакбод этаман!
Гўзал диёримизга кириб келаётган, барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи оламни бутун Шарқ мамлакатлари халқлари қатори бизнинг халқимиз ҳам азал-азалдан эъзозлаб, халқ байрами сифатида нишонлаб келади. Асрлар оша маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган Наврўз байрами бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда. Шу дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз. Неча асрлик анъана ва қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади.
Мана шу қутлуғ кунларда Сизларни яна бир бор яшариш ва янгиланиш айёми билан табриклайман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, узоқ-умр тилайман! Эзгу орзуниятларимиз ушалсин. Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати