Кармана тумани ҳокими Ф.С.Умаровнинг Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 29 йиллиги ҳамда“Ватан ҳимоячилари куни” билан байрам ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, азиз дўстлар!
Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ҳамда Қуролли Кучларимиз фахрийлари, қадрли тумандошлар!
Шу кунларда барчамиз яна бир қутлуғ сана – Қуролли Кучларимизнинг 29 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари куни”ни кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар, эзгу ниятлар билан қарши олмоқдамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳарбий хизматчилар, аскар ва сержантлар, зобит ва Қуролли Кучларимиз фахрийларини ҳамда уларнинг оила аъзоларини ушбу қутлуғ байрам "14 январь — Ватан ҳимоячилари куни" умумхалқ байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Қадрли юртдошлар!
Муҳтарам Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг яқинда Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисмларга ташрифи чоғида “Бугунги Қуролли Кучларимиз беш йил олдинги армия эмас. Мудофаа доктринамиз бўйича қилинган ишлар натижасида миллий армиямизнинг салоҳияти ҳар томонлама ўсишга эришди” дея айтган сўзлари азиз аскар ва зобитлар, Қуролли Кучларимиз вакилларининг юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда, сарҳадларимиз даҳлсизлигини, тинч ва фаровон ҳаётимизни ҳимоя қилишдаги ҳиссаларига берилган юксак эътироф дея билиб, юрт ҳимоячилари фаолиятининг нақадар шарафли эканлигини англаб, қалбимизга уларга нисбатан чексиз ҳурмат жўш уради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда Олий Мажлисга ҳамда Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасидаги “Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувлар шароитида биз юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада жадаллаштиришимиз лозим эканлиги алохида таъкидлаб ўтилди.
Келгуси йилларда ҳам мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларимиз давом эттирилиши, хусусан, Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиши алоҳида таъкидланди ва бу даъватлар миллий армиямизнинг янада юксак тараққиёти учун ҳар биримиз ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишга чорлайди.
Юрт фарзандлари учун Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш — бурч, Ватанни қўриқлаш — шараф, аскарлик — баркамоллик тимсолига айланиши билан бирга, миллий армиямиз ёшларимиз учун жисмоний тобланиш, чиниқиш, маҳоратини ошириш ва юксак инсоний фазилатларни мужассам этадиган, улар қалбида садоқат, жасорат ва матонат туйғуларини мустаҳкамловчи чинакам ҳаёт мактабига айланиб бормоқда.
Қадрли юртдошлар!
Бугун тинч ва осуда ҳаёт кечиришимизда Сиз тарбия қилган, Сиз таълим берган юртимиз сарҳадларини сергак, ҳушёр қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларининг жуда катта ҳиссаси бор, албатта. Шу ўринда, Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғуломнинг “Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ, Қалқон бор: қалъа бут, қўрғон саломат” деган ўтли мисралари ёдга тушиб, она халқи тинчлиги йўлида шараф билан хизмат қилаётган ўғлонларимиз доимо омон бўлишсин деб ният қиламиз.
Қадрли тумандошлар, азиз ҳарбийлар!
Мухтарам юртбошимиз томонидан Тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш учун имкон берди. Энг муҳими, “Армия ва халқ – бир тан-у бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида, бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари республикамиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда.
Энг асосийси, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган эл-юрт таянчи ва суянчига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланди.
Мухтарам юртбошимизнинг бугун Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида, “Ўтган 2020 йил жаҳондаги барча давлатлар қатори мамлакатимиз учун ҳам жиддий синовлар йили бўлганлиги, коронавирус пандемиясининг таҳдидига, шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кутилмаган табиий ва техноген офатларни бартараф этишда ватан ҳимоячиларининг улкан ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаб ўтганлари бежис эмас, албатта.
2020 йил 15 декабридан 2021 йилнинг 15 январига қадар Республикамизда “Ватанпарварлик ойлиги” эълон қилинган эди, ушбу ойлик доирасида туман хокимлиги, туман мудофаа ишлари бўлими ва туманда жойлашган 7259 хамда 99368-сонли харбий қисмларнинг мард ва жасур ҳарбийлари иштирокида умумтаълим мактаблари ва маҳаллаларда “Ким ватанга содиқ бўлса мендирман ўша” деган умумий шиор остида 50 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларда, ҳарбийларнинг жасурлигини намойиш қилган чиқишлар, харбий қурол аслахаларнинг кўргазмаси ва бошқа спорт тадбирлари, келажакда ушбу касбни эгаллашни истаётган ёшларимиз учун махорат мактаби бўлди десак адашмаган бўламиз.
Ҳурматли аскар ва сержантлар, зобитлар ва Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Қадрли тумандошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни яна бир бор қутлуғ сана — Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, бахту саодат ва Ватанимиз тинчлиги йўлидаги шарафли ишларингизга омадлар тилайман.
Ушбу байрам хонадонларингизга чексиз қувонч, файзу барака, фаровонлик олиб келсин!
Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, жонажон Ўзбекистонимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
14.01.2021 йил