МУРОЖААТ ТУМАН ҲОКИМИКармана туман ҳокими Ф.С.Умаровнинг
туман аҳлига янги йил байрам
ТАБРИГИ

Ҳурматли, тумандошлар. Қадрли дўстлар!

Шу кунларда ҳар биримиз синовли ва ўз ҳаётимизда ўчмас из қолдирган 2020 йил билан хайрлашиб, эзгу қадамлар билан кириб келаётган 2021 йилни кўтаринки кайфият ва яхши ниятлар билан қарши олмоқдамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бутун туманимиз аҳлини ушбу қутлуғ айём - кириб келаётган Янги йил байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Дарҳақиқат, бугун туманимиз маркази ва қайси қишлоғига борманг, эртанги кун завқи билан ёниб яшаётган, юрт ободлиги учун ҳалол меҳнат қилаётган тумандошлримизнинг юзу кўзларидан шукроналик туйғуларини илғаш қийин эмас. Энг асосийси, қўлга киритаётган улкан ютуқларимиз замирида заҳматкаш халқимизнинг ҳалол меҳнатлари мужассамдир.


Айниқса, бугун бор куч ва имкониятларимиз юртимиз тараққиётига сафарбар этилган бир пайтда, амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва оқилона сиёсат самарадорлиги - халқимиз турмуш тарзини янги босқичга кўтариш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, кексаларимизни қадрлаш, энг муҳими, тинчлик-тотувлик, мустақилликни асраб-авайлаш, озод ва обод Ватан барпо этиш жабҳаларида яққол намоён бўлмоқда.
Шуни мамнуният билан алоҳида таъкидлаш лозимки, оғир синовли ва улкан ютуқларга бой бўлган ушбу йилда ҳар бир соҳа бўйича кўплаб натижаларга эришилиб, бунёдкорлик, аҳоли ҳаёт даражасини яхшилаш ва юрт фаровонлиги йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланиб бормоқда. Туманда жорий йилда кўплаб ижтимоий соҳа объектларининг қад ростлаши, саноатнинг жадал суратлар билан ривожланаётганлиги, тадбиркорлик фаолиятининг янада авж олаётганлиги бунинг ёрқин мисолидир. Йил давомида тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватланиши, турли соҳаларда инвестицон дастурларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида туманда сезиларли инвестицон муҳит яратилди.
Янги йилда ҳам улкан эзгу ишларни биргаликда давом эттирамиз. Кўзда тутилган ушбу ишларнинг барча-барчаси, ҳеч шубҳасизки, ўзининг мантиқий якунига етказилади, кўзланган мақсадга эришилади.
Азиз дўстлар!
Куни кеча бўлиб ўтган, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон аҳлига йўллаган Мурожаатномасида янги 2021 йилни - "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилинди.
Ҳозирги кунда Президентимизнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли, маънан баркамол улғайиши учун, шунингдек ёшларни қилган меҳнати, эришган ютуқларига яраша рағбатлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йилда ҳам юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ва хайрли ишларимиз кўлами янада кенгайиши шубҳасиз.
Фурсатдан фойдаланиб сиз азизларни кириб келаётган Янги йил байрами билан яна бир бор самимий қутлайман. Янги йил ҳар бир юртдошимизга, ҳар бир оилага сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва улкан муваффақиятлар олиб келсин!
Янги йилда хонадонингиздан чексиз қувонч, файзу барака, тинчлик-осойишталик аримасин!
Буюк ва муқаддас Ватан - жонажон Ўзбекистонимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!
Янги йилингиз муборак бўлсин!

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
31.12.2020 йил