Конституция 6Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Кармана туман ҳокими Ф.С.Умаровнинг ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, азиз дўстлар!

Ҳурматли тумандошлар!

Шу кунларда барчамиз мустақил юртимиз – жонажон Ўзбекистонимизнинг юксак тараққиёти, фидоий халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлашга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келаётган – бош Қомусимиз – мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг қутлуғ санасини кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар, энг асосийси, келажакка бўлган юксак ишонч, чуқур шукроналик ҳисси билан қарши олмоқдамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни ва Сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини муқаддас айём - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Шуни ишонч билан айтаманки, ҳар биримизнинг қалбимиз бош Қомусимизга бўлган чексиз ҳурмат ва ифтихор туйғулари билан тўлиб, тўлқинланиб турибди.


Зеро, Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиеёвнинг “Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим” деган сўзлари конституциямизнинг нақадар муқаддас эканлигини, уни ҳар биримиз чуқур идрок этиб, ҳаётга тадбиқ этишда янада фаол бўлишимиз лозимлигини кўрсатади.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз мустақиллик йилларида эришган, дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган ютуқлар, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз, аҳоли фаровонлигининг йилдан йилга ошиб, мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани бевосита Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликларида Конституциямиз принцип ва нормаларнинг ҳаётбахш самарасидир.
Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликларида мамлакатимизда Конституция замирида тамомила янги сиёсий ва ҳуқуқий тизим шаклланиб, фуқароларимизнинг онги ва тафаккурида, дунёқарашида улкан ўзгаришлар содир бўлди, ҳозирги замоннинг моҳиятини тушунишга интилиш, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишга бўлган ҳаракат ҳисси тобора ортиб бормоқда. Турли синов ва қийинчиликларга қарамасдан, минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати эвазига туманимиз жорий йилда пилла, ғалла ва пахта топшириш режасини ортиғи билан бажарди.
Буни республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, туманимизда амалга оширилаётган кенг кўламли яратувчанлик ва бунёдкорлик ишларида ҳам кўришимиз мумкин.
Сўнгги йилларда янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, халқимизнинг том маънодаги замонавий тарихини барпо этиш йўлида улкан марралар олинди. Натижада инновацион ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва халқ хўжалигига юқори технологияларни жорий этиш, қулай инвестициявий муҳитни яратиш йўлида янги-янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Буни коронавирус пандемиясига қарамай, мамлакатимиз ҳудудларида, шу жумладан, туманимизда барпо этилаётган йирик лойиҳалар, улкан саноат қувватлари мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Энг қувонарлиси, жорий йилнинг ўзидаёқ туман бўйича ишлаб чиқариш объектлари, жумладан, “Шибзон” маҳалла фуқаролар йиғинида “БЭТЛИС МАДАНИЯТ” тикувчилик корхонаси, “Уйрот” маҳалла фуқаролар йиғинида “КАРМАНА АСЛ ДОН” ун маҳсулотлари корхонаси фойдаланишга топширилгани, “Паҳлавон” маҳалла фуқаролар йиғинида 1100 иш ўринли, Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғинида 400 иш ўринли “ДИЁР ТЕКСТИЛ” янги тикувчилик корхоналари, юзлаб иш ўринлари яратилиши кутилаётган “ЗАРАФШОН ГОЛДЕН ГРОУП” компаниясининг 3 минг тонна помидор етиштириладиган замонавий иссиқхонаси фойдаланиш арафасида эканлиги, яратилаётган янги иш ўринларига туманимиздаги меҳнатда банд бўлмаган аҳолининг, айниқса, “ёшлар дафтари”, “аёллар дафтари”даги ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг жалб қилинаётгани барчамизни бирдек қувонтиради ва янги янги марраларга чорлайди, албатта.
Шунингдек, қутлуғ шодиёна арафасида тумандаги 2, 30-умумтаълим мактабларининг қўшимча янги ўқув бинолари, Навоий махсус ҳамда Навоий ихтисослаштирилган прокуратураси биноси янгидан барпо этилгани, тумандаги кўплаб ижтимоий-иқтисодий объектларнинг қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганлиги ҳам Муҳтарам Президентимизнинг олиб бораётган оқилона ва доно сиёсатлари маҳсулидир.
Амалга оширилаётган эзгу ишлар 2020 – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида янада ортган ҳолда, халқимиз фаровонлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда янада муҳим аҳамият касб этди.
Маликработ қўрғонида 144 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйнинг барпо этилиб, бирин-кетин имтиёзли нархларда эҳтиёжманд аҳоли, айниқса, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, кам таъминланган оилаларга фойдаланишга топширилаётганлиги ҳам Бош Қомусимизда белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги исботидир.
Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларни тубдан янгилаш ва модернизация қилиш бўйича ҳар куни, ҳар соатда, ҳар дақиқада тинимсиз изланишлар, саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бирор-бир йўналиш ёки тармоқ йўқки, халқимиз ҳаётини яхшилашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар кириб бормаган, унинг мазмунини ўзгартирмаган бўлса. Бугун туманимизнинг қайси гўшасига борманг, эртанги кун завқи билан ёниб яшаётган, юрт ободлиги учун ҳалол меҳнат қилаётган тумандошларимизни кўрамиз. Таъкидлаш жоизки, эришган ютуқларимиз, бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, халқаро майдонда ортиб бораётган обрў-эътиборимиз негизида Конституциямизда белгилаб берилган қонуний ва ҳуқуқий асослар мужассамлиги айни ҳақиқатдир.
Қўлга киритилаётган ютуқларимиз, фидокорона меҳнатимиз ҳар доим Муҳтарам Президентимиз эътиборида бўлиб, жорий йилда бир қатор тумандошларимиз самарали хизматлари учун Давлат мукофотлари билан тақдирланишгани қалбимизни ғурурга тўлдиради.
Азиз дўстлар!
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни ва Сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини яна бир бор муқаддас айём - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, бахту-саодат, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Хонадонингиздан файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаровонлик ҳеч қачон аримасин.
Жаннатмакон юртимиз осмони ҳамиша беғубор ва мусаффо бўлсин.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
7.12.2020 йил