ҲОКИМ ТАБРИГИКармана тумани ҳокими Ф.С.Умаровнинг туман аҳолиси ва фаолларига МУРОЖААТИ

Ҳурматли тумандошлар!

Бугун сизларга яна бир бор мурожаат қилиб, эътиборингизни экология ва атроф-муҳит муҳофазасига қаратмоқчиман. Кармана тумани сайёрамизнинг гўзал ва бетакрор гўшаларидан десам, ҳеч адашмаган бўламан.
Экологик хавфсизлик инсоннинг бугуни ва эртаси учун долзарблиги боис энг муҳим муаммолар жумласига киради. Жамиятимизда саломатликни ҳимоя қилиш баробарида экологик жараёнларда турли хавфларнинг олдини олиш бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда.
Она табиатимиз қўйнида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, минтақамизнинг иссиқ об-ҳавоси таъсирида пишиб етилган мевалари билан нафақат республикамизда, балки хорижда ҳам маълум ва машҳур. Шунингдек, туманимиз замонавий иссиқхоналар барпо этилган энг катта ҳудуд ҳам дея эътироф этилади. Мазкур иссиқхоналарда етиштирилган табиий дармондорига бой ноз-неъматлар қиш чилласида ҳам она диёримиз халқи дастурхонини безаб турибди. Ушбу неъматлардан тадбиркорларимиз саъй-ҳаракати билан ҳатто чет элдагилар ҳам баҳраманд бўлишмоқда.


Биз бугунги кунни эмас, эртамиз эгалари бўлган, жондан азиз фарзандларимизнинг ҳам ана шундай буюк неъматлардан бебаҳра бўлиб қолмасликлари учун масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим!
Айтиш жоизки, биргина туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан табиатга фуқароларнинг ноқонуний зарар етказиш ҳолати ўрганиб чиқилганда, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 234 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, жисмоний шахсларга 145 миллион 268 минг сўмга яқин жарима қўлланилганлигини гувоҳи бўлиш мумкин. Бу эса ўта ачинарли ҳолат, албатта.
Азиз карманаликлар!
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатимиз ва ҳукуматимизнинг устувор йўналишларидан бири эканлигига эътибор қаратиб, бой ва хилма-хил табиатимизга бепарволик билан қарамай, маиший чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш ва туман иқлимига мос манзарали, мевали кўчатларни экишда ҳар биримиз жонбозлик кўрсатиб, она табиатимизни асрайлик.
Келинг, бир-биримизни айблашдан чекиниб, ўз яшаш манзилларимизни обод қилайлик. Чунки, тозалик, ободлик бор жойда қут-барака, хосият мўл бўлади.
"Бир инсонга ўн дарахт" шиори остида нафақат ҳовлимизда, балки кўчаларимизга, ижтимоий объектларимизга кислородга бой, ҳам мева, ҳам соя берадиган дарахт кўчатлари экиш ишларини ҳамжиҳатликда амалга оширайлик. Зеро, ота - боболаримиз сув келтириш, кўприк ёки йўл қуриш билан биргаликда инсонларга жазирама иссиқда соя, ширин мевалар берадиган дарахт кўчатлари экишни ҳам савоб амаллар қаторига қўшишган.
Шундай экан, туманимиз экологияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда барча туманимиз аҳлини, давлат ва жамоатчилигимиз вакилларини яқин ҳамкорликка, фаолликка даъват этаман!

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
3.12.2020 йил