77777Жалолиддин Мангуберди ва Чингизхоннинг Синд дарёси бўйидаги жанги

Ватанимиз тарихидаги 25 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

907 йил (бундан 1113 йил олдин) – Сомонийлар давлати ҳукмдори Исмоил Сомоний вафот этди. Бу ҳақда тарихчи Наршахий шундай ёзади: “Амир Исмоил бемор бўлиб бир қанча вақт ётди. Унинг касаллиги кўпроқ рутубатдан эди. Табиблар: “Жўйи мулиённинг ҳавоси хушроқ”, – дедилар. Уни ўзининг хос мулкидан бўлган Зармон қишлоғига олиб бордилар: “Бу ернинг ҳавоси унга мувофиқроқ келади”, – дедилар. Амир бу қишлоқни яхши кўрар ва ов қилиш учун ҳамма вақт ўша ерга борар эди; у ерга боғ қурган эди. Бир муддат у ерда бемор ётиб, охири икки юз тўқсон бешинчи йили сафар ойининг ўн бешинчисида худди шу боғда катта бир дарахт тагида вафот этди. У йигирма йил Хуросон амири бўлди. Ҳукмдорлик муддати ўттиз йил эди.

Худойи таоло уни раҳмат қилсин, негаки унинг даврида Бухоро пойтахт бўлди, сомонийлар сулоласидан чиққан ҳамма амирлар Бухорода турадиган бўлдилар. Ундан олдинги Хуросон амирларининг ҳеч бири Бухорода турган эмас. У Бухорода туришни ўзи учун муборак деб ҳисоблар, унинг кўнгли Бухородан бошқа ҳеч бир ерда ором топмас ва у қаерда бўлмасин: “Бизнинг шаҳар, яъни Бухоро, ана бундай, ана шундай”, – дер эди. Амир Исмоил вафот этгандан кейин ўрнига ўғли ўтирди. Унга “Амири мозий” – “Дунёдан ўтган амир” деган лақабни бердилар”.

1221 йил (бундан 799 йил олдин) – ҳижрий 618 йил шаввол ойининг саккизинчи кунида (милодий 1221 йил 25 ноябрь) Синд дарёси бўйида Жалолиддин Мангуберди ва Чингизхон ўртасида жанг бўлиб ўтди. Бир қатор ўрта аср мусулмон тарихчиларининг таъкидлашларича, бундай қонли, кескин ва даҳшатли жанг бунгача тарихда рўй бермаган.

Тарихчилар Баҳодир Эшов ва Аброр Одиловларнинг қайд этишича, Жалолиддин ва унинг қўшини мисли кўрилмаган даражада жасорат ва баҳодирлик намуналарини кўрсатди. Фақат учинчи кунга келиб, Чингизхон қўшини устунликка эриша бошлади. Жалолиддиннинг тахминан 7–8 ёшли ўғли Чингизхон отряди қўлига тушиб қолиб, ўлдирилади.

Жангда мардонавор курашган Амин Малик ва бошқа кўплаб саркарда, навкарлар ҳам ҳалок бўлдилар. Чингизхон қандай қилиб бўлмасин Жалолиддинни тириклайин қўлга олишга буйруқ берди. Жалолиддин эса уни қўлга олишга интилаётган мўғул қўши қуршовини фақат шахсий баҳодирлиги туфайли ёриб чиқиб, Синд дарёси бўйига етиб келишга муваффақ бўлади. Дарё бўйида уни онаси Ойчечак ва ҳарамдаги бошқа аёллар кутиб туришар эди.

Шундоқ ҳам бу жангдан руҳан ва жисмонан эзилган Жалолиддинга улар “бизни ўлдиринг ва машъум асирликдан қутқаринг” дея мурожаат қилишади. Жалолиддин барча ҳарам аёлларини сувга чўктиришга кўрсатма беришдан бошқа иложи қолмайди. Ўзи эса оти билан сувга сакраб, дарёнинг нариги қирғоғи – Ҳиндистон томонга сузиб ўтади.

Жалолиддиннинг ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини йўқотмаслиги, унинг жасорати ва мардлигига, метиндек иродасига Чингизхон ҳам тан беради. Тарихчилардан Жувайний, Рашидиддин ва бошқаларнинг ёзишларига қараганда, Жалолиддиннинг жасоратига қойил қолган Чингизхон ўз ўғилларига қарата “Отанинг фақат шундай ўғли бўлиши лозим. У оловли жанг майдонидан ўзини қутқариб, ҳалокатли гирдобдан нажот қирғоғига чиқдими, ундан ҳали улуғ ишлар ва қиёматли исёнлар келади”, – дейди ва унинг орқасидан таъқиб этишни таъқиқлайди.

1902 йил (бундан 118 йил олдин) – инженер-гидротехник, Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби Раҳматулла Алимов таваллуд топди (вафоти 1987 йил).

1910 йил (бундан 110 йил олдин) – Рус Археология жамияти “Туркистон археология бойликларининг таниқли тадқиқотчиси” сифатида ва Улуғбек расадхонаси қолдиқларини топганлиги учун ўлкашунос олим Василий Вяткинни машҳур шаркшунос, академик Виктор Розен номидаги олтин медаль билан мукофотлади.

1911 йил (бундан 109 йил олдин) – ҳарбий арбоб, генерал-лейтенант Файзулла Норхўжаев дунёга келди (вафоти 1983 йил). У “50 йил жанговар сафда” асари муаллифи ҳисобланади.

1975 йил (бундан 45 йил олдин) – Тошкент вилоятида Тошкент тумани ташкил этилди.

2005 йил (бундан 15 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини такомиллаштириш масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Манба: ЎзА
25.11.2020 йил