САЙЁР ҚАБУЛЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида барча сектор раҳбарлари томонидан тумандаги аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганиш, мавжуд муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида жойларда кўплаб сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
Ана шундай сайёр қабуллардан навбатдагиси 4-сектор раҳбари, Кармана туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Орзимурод Умаров ташаббуси билан “Бешкент” маҳалласида бўлиб ўтди. Учрашув аввалида сектор раҳбари О.Умаров, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси туман бўлими мудири И.Ёдгоровлар пандемия вақтида шахсий гигиена қоидаларига, карантин тартибларига риоя этиш, касаллик юқтириб олишдан сақланиш, шунингдек, тўй ва маросимларни белгиланган тартибда ўтказиш бўйича қисқача гапириб ўтишди. Шундан сўнг аҳоли томонидан ички йўлларни таъмирлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредит маблағлари ажратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш каби масалалар бўйича билдирилган мурожаатлар тингланди. Мазкур мурожаатларнинг асосий қисмига қабул жараёнида ижобий ечим топилди. Шу билан биргаликда бажарилишига вақт талаб қилинадиган муаммо ва таклифлар тегишли масъуллар томонидан назоратга олинди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
12.10.2020 йил