КККККККККККККСмарт кассалар ўрнатишда тадбиркорларга имтиёзлар берилади

Жорий йилда онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари учун уни харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар сўммасини кейинги солиқ тўлови ҳисобидан камайтириш ҳуқуқи берилди. Бунда камайтириш миқдори (сўммаси) базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаслиги керак. Мазкур имтиёз фақат 2021 йил 1 январгача амал қилади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази хабар бермоқда.

Онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассалар, яъни смарт кассалар хизмати туфайли назорат-касса дафтарини юритишга, иш куни охирида ҳар бир назорат касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш зарурат қолмайди. Нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар уни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали тадбиркорлик субъектлари ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлади. Сотувлар тарихини яратиш, кассир-ходимларни назорат қилиш каби вазифаларни ҳам онлайн-НКМ ва виртуал кассалар бажаради.
Смарт кассаларда нақд пул ёки пластик карталар орқали амалга оширилган ҳар бир ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар солиқ тўловчининг “шахсий кабинет”ида шаклланади. Бу билан тадбиркорлик субъекти ҳар бир шохобчаларнинг кассалари кесимида кунлик, ойлик ва йиллик реализация маълумотларини шакллантира олиши мумкин.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Виртуал касса” дастурий маҳсулоти тадбиркорлик субъектларига бепул тақдим этилади. Унга эга бўлиш учун тадбиркорлик субъектлари виртуал касса дастурий маҳсулотига техник хизмат кўрсатувчи “Soliq Servis” ДУК билан ўзаро шартнома имзолайди. Бунда фискал модул ва унга кўрсатиладиган хизматлар учун амалга оширилган бир йиллик тўлов (базавий ҳисоблаш миқдорнинг бир баробари – 223 минг сўм) тўланади. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжати) тақдим этилиши лозим.
2020 йил 1 октябргача 20 000 та тадбиркорлик субъекти онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тизимига ўтиши кутилмоқда. Айни вақтда республика бўйича 20,950 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич асосан алкоголь, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёқилғиси қуйиш савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тааллуқли. Чунки қонунчиликка кўра, жорий йил бошидан айнан мана шу йўналишлардаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятига онлайн-НКМ ёки виртуал кассалар татбиқ этилмоқда.
Йил якунлари бўйича йиллик тушуми юз миллион сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари 2021 йил 1 январдан янги тизимга утади. Қолган барча тадбиркорлик субъектлари учун бу муддат 2022 йил 1 январь этиб қатъий белгиланган..

 

Бош вазир қабулхонаси
Кармана туман бўлими
3.09.2020 йил