2022 йилда мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади
Аҳолини рўйхатга олиш тарихига назар соладиган бўлса, ушбу жараён илк бор милоддан аввалги III минг йилликдан бошланган. Рўйхатга олиш дастлаб Осиё ва Африка давлатлари, Миср, Месопотамия, Ҳиндистон, Хитой ва Японияда ўтказилган. Ушбу жараён давлатларнинг солиқ ва ҳарбий фаолияти ва уларнинг маъмурий тузилмаси вазифалари билан боғлиқ равишда вужудга келган.
Илк ўрта асрларда Англияда (1086 йил), шунингдек, бир қанча Европа шаҳарларида (Нюнберг-1449 йил, Страсбург-1473 йил, Цюррих-1567 й., Флоренция -1427-1430 йиллар) аҳолини ҳисобга олиш ўтказилган. Аҳолини ҳисобга олиш элементлари хўжаликларнинг ёзма китоблар, кадастрлардаги тавсифлари билан уйғунлашган ҳолда одамлар ёки оилалар эмас, балки уй-жой каби солиққа тортиш бирликлари биринчи ўринга қўйилган .
XVIII аср ўрталаридан аҳолини ўрганишга қизиқиш ортади. Австрия, Нидерландия, Дания, Испания, Япония, АҚШда одамлар ҳисобини юритишга киришилади. Бироқ бу ҳисоб-китоблар бутун бошли аҳолини қамраб ололмаган.
1665 йилда Янги Франция (Квебек) колониясида аҳолини рўйхатга олиш бўлиб ўтди. АҚШда 1790 йилда тўлиқ аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилди. Ўшанда ўн етти нафар полиция ходими мамлакат бўйлаб саёҳат қилиб, хонадонма-хонадон юриб, олтита саволга жавоб тўплашди: уй эгасининг тўлиқ номи, ўн олти ёш ва ундан катта ёшдаги озод оқ танли эркаклар, ўн олти ёшдан кичик бўлган озод оқ танли эркаклар, озод оқ танли аёллар, бошқа озод шахслар ва қуллар сони.
Ўттиз йил ўтгач, Италия, Испания, Англия, Ирландия, Австрия, Францияда рўйхатга олиш вақти келди. 1851 йилда Хитойда, кейин Японияда (1871) ва ниҳоят, Россияда аҳоли рўйхатга олинди.
Замонавий босқич ХХ асрнинг ўрталаридан бошланди. Осиёнинг қатор мамлакатларида, шунингдек, Африкада аҳолини рўйхатга олиш ўтказилди. Бу янги мустақил давлатлар пайдо бўлиши билан боғлиқ эди. Ўтган асрнинг 70-йилларида Яман, БАА, Саудия Арабистони каби мамлакатларда биринчи маротаба аҳоли рўйхатдан ўтказилди. ХХ асрнинг охирига келиб, аҳолини рўйхатга олиш дунёнинг деярли барча ҳудудини қамраб олди.
Ҳозирда жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида аҳоли ўртача ҳар ўн йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1980 йилларда аҳоли рўйхатга олинган. Ушбу тадбир сўнгги бор 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда республикамиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган эди.
Бугунги кундаги ҳисоб-китобларга асосан, Навоий вилоятида 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига шаҳар аҳолиси сони 491,5 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 48,9 %), қишлоқ аҳолиси сони 513,2 минг кишини (51,1 %) ташкил этади. Жами вилоят аҳолисининг 50,7 % ни эркаклар (509,5 минг киши), 49,3 % ни аёллар (495,2 минг киши) ташкил этади.
2020 йилнинг 1 июль ҳолатига вилоят бўйича 10 594 нафар болалар туғилган, вафот этганлар 2 092 кишини ташкил этган.
Вилоят ҳудудлари кесимида, 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра энг кўп аҳоли сони Хатирчи туманида 200,2 минг кишини (вилоят жами аҳолиси сонидаги улуши 19,9 %), Қизилтепа туманида 152,7 минг кишини (15,2 %) ва Навоий шахрида 145,4 минг кишини (14,5 %) ташкил этди.
Аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёши, жинси, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти.
Республикамизда эса охирги марта аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилганлигига 30 йил бўлди. Бунинг натижасида аҳолининг ҳақиқий ҳаёт тарзини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда қатор қийинчиликлар вужудга келди.
БМТ 2015 йилнинг 10 июнида “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясини қабул қилди. Унга кўра, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилди. Бугунги кунга келиб, МДҲ давлатларида, шунингдек Ўзбекистонда ҳам бу жараёнга тайёргарлик ишлари бошланди.
Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони, кейинчалик жорий йилнинг 16 март куни имзоланган “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонун бу борада ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
“Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонун аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, асосий принциплари, тартиби, даври ва муддатларини белгилаб берган.
Қонунда белгилаб берилганидек, аҳолини рўйхатга олиш - белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни. Бу жараён республика бўйлаб ёки унинг муайян ҳудудларида 10 йилда 1 марта ўтказилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Ҳукумат томонидан Президентга, қоидага кўра, режалаштирилаётган санадан 3 йил олдин киритилади.
Асосий мақсади, аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир.
Аҳолини рўйхатга олиш шахсга доир маълумотларни йиғиш амалга ошириладиган саволлар рўйхати белгиланган дастур бўйича ўтказилади, унда қуйидаги саволлар бўлиши шарт: ФИО, туғилган санаси ва жойи, ёши, жинси, миллати, фуқаролиги, яшаш жойи (турган жойи), тилларни билиши, маълумоти, никоҳ ҳолати, болаларининг сони, уй хўжалиги таркиби, уй-жой шароитлари, бандлиги, яшаш учун маблағлар манбалари, миграция (ички ва ташқи). Ҳукумат томонидан дастурига қўшимча равишда бошқа саволлар киритилиши мумкин, бироқ унга киритилганмаган саволларни бериш тақиқланади. Йиғилган барча шахсий маълумотлар махфий ҳисобланади ҳамда респондентнинг розилигисиз уларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралидаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, асосий вазифалари, босқичларини белгилаб берилган.
Унга кўра, мазкур жараён уч босқични қамраб олади. Биринчиси — тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади.
Бунда, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.
Иккинчиси — асосий босқич 10 кундан 60 кунгача даврни ўз ичига олади. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади.
Учинчи босқичда аҳолини рўйхатга олишга доир бирламчи материалларни маълумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олинади, олинган материаллар автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрланиб, бирламчи маълумотларни автоматлаштирилган дастурларга киритиш учун кодланади, назорат ва таҳрир қилинади, аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижалар олиниб, олинган натижалар эълон қилинади ва тарқатилади. Мазкур босчиқ 2 йилдан 3 йилгача бўлган даврда амалга оширилади.
Мамлакатимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
Республика миқёсида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ходимлари иштирок этади, ҳудудларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, материалларни автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш, дастлабки якунларни сарҳисоб қилиш ва натижаларни эълон қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар статистика бўлимлари ходимлари жалб этилади.
Шунингдек, аҳоли рўйхатини ўтказишга тайёргарлик кўриш ёки уни ўтказишда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори курс талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳам ушбу жараёнга жалб қилиниши мумкин. Улар орасидан рўйхатга олиш участкалари мудирлари, инструкторлар ва рўйхатга олувчиларни танлаб олиш туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан давлат статистикасининг ҳудудий органлари билан биргаликда шартнома асосида ташкил этилади. Вақтинчалик жалб этиладиган ходимларга исмлари ёзилган нишонлар (гувоҳномалар) берилади. Бунда ходимнинг яшаш жойи текширилаётган аҳоли пунктига қатнаш учун қулай бўлиши керак.
Аҳолини рўйхатга олувчилар учун услубий қўлланмалар ва видео дарсликлар ишлаб чиқилади ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. Зарур ҳолларда, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ҳамда маълумотларни қайта ишлашга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади. Жараённи Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.
Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) эълон қилиниши белгиланган. Чора-тадбирлар дастурига асосан, 2024 йил 1 декабрга қадар аҳолини рўйхатга олиш натижалари расман эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.
Аҳолини рўйхатга олиш яна бир жиҳати билан муҳим. Унинг якунига етказилиши ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйлар рўйхатини тузиш имконини беради. Яна ҳам аниқроқ айтганда, турар ва нотураржойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Қисқача айтганда, республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, аҳолимиз ўзларининг келажаги учун аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол равишда иштирок этишлари лозим бўлади.
Аҳолини рўйхатга олиш орқали Ўзбекистоннинг ҳар бир манзили, энг чекка ва олис маҳаллаю кўчаларига алоқадор барча маълумотни ўзида акс эттирган ягона маълумотлар базасига эга бўлинади. Ушбу маълумотлар мамлакатимиз келажаги, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш учун қабул қилинадиган ҳужжатларда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Навоий вилоят
Статистика бошқармаси
Рўйхатга олиш жараёнларини
ташкил қилиш ва ўтказиш
бўлими бошлиғи
М.Юлдашева
3.09.2020 йил