Ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида амалга оширилади, вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади
Президент қарори билан, 2020 йил 1 июлдан:
• ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади;
• ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар БҲМнинг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сўмма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари сони 24тадан 67тага кўпайтирилиб, улар даромад солиғидан озод этилмоқда.
Асос: «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори
Бош Вазир қабулхонаси Кармана туман бўлими
30.06.2020 йил