ҚАБУЛХОНА1 ИЮНДАН ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА ҚУЛАЙ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИЛМОҚДА.

Жумладан, тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ имтиёзлари кучга киради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 май кунидаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5996-сонли Фармони билан 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш шохобчалари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади.


Имтиёз 1 сентябригача бўлган давр учун амал қилади.
Маҳаллий экспорт қилувчиларнинг юкларни автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қопланади
Фармонга биноан, маҳаллий экспорт қилувчиларга юкларни автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилиш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш, шунингдек, тадбиркорларнинг инфратузилма барпо этиш бўйича харажатларининг бир қисми учун компенсация тўлаш механизмлари жорий этилади.
Тадбиркорлик субъектларига лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришни рад этиш сабаблари қисқартирилади
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ, 2020 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъектларига лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришда кадрларнинг профессионал малакаси, тақдим этилган ҳужжатлар ва дастурларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга, бино ва иншоотларнинг санитария-эпидемиологик талабларга ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги сабабли рад этишга йўл қўйилмайди.
Муҳтарам, Юртбошимизнинг мазкур Фармони тадбиркорлик субъектларини ички имкониятларини янада самарали амалга оширишларида қулай имконият ва шарт-шароитлар яратган ҳолда, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашда муҳим ўрин тутади.

Бош Вазир қабулхонаси Кармана туман бўлими
29.05.2020 йил