Аҳоли сони Маълумки, мухтарам Президентимиз томонидан “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Мазкур Қонун, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни ҳар томонлама тартибга солувчи илк бор қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат сифатида Ўзбекистон тарихидан ўрин олди. Чунки шу вақтгача бу соҳада қонунчилигимизда ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди.
Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Қонунни ишлаб чиқишда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва Европа статистиклари конференциясининг аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича асосий тамойиллари ва тавсияларидан асос сифатида фойдаланилди. Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Осиё ва Европа мамлакатлари, жумладан, Россия Федерацияси, Беларусь, Украина, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Канада ва бошқа давлатларнинг ушбу соҳадаги тажрибалари ўрганилиб, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилди.
Аҳолини рўйхатга олишнинг аҳамиятли жиҳатлари кўп. Бу аввало мамлакат аҳолисининг аниқ сони, жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари ҳақида аниқ ва ишончли маълумот олиш ҳамда бу борада ягона базани яратиш имконини беради.


Бундай комплекс ўрганиш натижасида аҳоли пунктлари ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар тайёрланади. Шунингдек, бу йўналишдаги ишлар ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш, яъни турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, тегишли ҳудудларда уй-жой объектларини қуриш масалаларига ойдинлик киритади. Республиканинг янги мукаммал кадастр харитасини яратилишини таъминлайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ва вилоятимиз аҳолиси қанча ва бу статистикада қандай манбаларга асосланган?
Ўзбекистонда сўнгги бор аҳоли 1989 йилда рўйхатга олинган. Ҳар йили бу борада тақдим этиладиган статистика эса худудлардаги Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этиладиган туғилиш ва ўлим ҳолатлари, хамда Ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошкармасидан юртимизга келувчи ва мамлакатимиздан кетган аҳоли ҳисоб-китоби асосида амалга оширилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2015 йил 10 июндаги «2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар» резолюцияси қабул қилинган. Унга кўра, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар албатта ўз ҳудудларида аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказишлари лозим. Бу тадбирларни юқори савияда ўтказишни таъминлаш мақсадида президент фармони ҳам қабул қилинган. Ҳозирда унинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси ҳамда худудий статистика бошқармалари томонидан аҳолини рўйхат олиш тадбирларини муносиб тарзда ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Ушбу тадбир сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда юртимиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган.
Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2020 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра республикамиз доимий аҳолиси сони 34 036,8 минг кишини ташкил этган бўлса, хозирги кунда аҳоли сони Навоий вилоятида 1 000,6 минг киши (республика жами аҳолиси сонидаги улуши 2,9 %) га тўғри келмоқда.
Вилоятда 2020 йилнинг 1 апрель ҳолатига шаҳар аҳолиси сони 489,4 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 48,9 %), қишлоқ аҳолиси сони 511,2 минг кишини (51,1 %) ташкил этади. Жами аҳолимизнинг 50,7 % ни эркаклар (507,4 минг киши), 49,3 % ни аёллар (493,2 минг киши) ташкил этади.
2020 йилнинг 1 апрель ҳолатига вилоят бўйича туғилган болалар сони 4584 нафарни, вафот этганлар 1061кишини ташкил этган.
Вилоят ҳудудлари кесимида, 2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра энг кўп аҳоли сони Хатирчи туманида 199,7 минг кишини (вилоят жами аҳолиси сонидаги улуши 20,0 %), Қизилтепа туманида 152,1 минг кишини (15,2 %) ва Навоий шахрида 144,6 минг кишини (14,5 %) ташкил этди.

2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра ҳудудлар бўйича доимий аҳоли сонининг тақсимланиши, фоизда

Дунё амалиётида аҳолини рўйхатга олишнинг бир неча усул ва ёндошувлари мавжуд. Улардан биринчиси анъанавий усул бўлиб, унда респондент билан бевосита боғланиб, электрон ёки қоғоз шаклда сўровнома ўтказилади.
Иккинчи ёндошув идоравий маълумотлардан фойдаланиш усулидир. Бунда турли идораларда мавжуд бўлган электрон маълумотлар базасидан фойдаланилади.
Учинчи ёндошувда эса бир вақтнинг ўзида анъанавий ва идоравий усулдан фойдаланилади.
Бироқ, аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти.
Шунингдек, юртимизда бошқа ҳеч бир давлатда учрамайдиган ноёб тузилма - маҳаллалар мавжудлиги ҳаммага аён. Аҳолини рўйхатга олиш ишларида ундаги жамоатчилик, посбонларга ҳам алоҳида вазифа ва масъулият юкланади. Мамлакатимизда ана шундай муҳим тадбирни 2022 йилда илк бор ўтказишга қарор қилинди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида” ги Қонуни ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги Фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Аҳолини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?
Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич, тайёргарлик босқичи бўлиб, 2-3 йилга яқин вақт давом этади.
Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.
Яна бир муҳим вазифалардан бири бу – шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаларини ва маъмурий туманлар хариталарини тайёрлаш ҳамда аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ҳисобланади. Бунда маҳалла, қишлоқ ва овулларнинг чегаралари, кўчаларда ном белгиларининг ўрнатилганлиги, турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони ҳамда уйларнинг рақамланганлиги аниқлаштириб олинади.
Тайёргарлик босқичида аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологияси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, рўйхатга олувчиларни танлаш ҳам энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига бевосита айни улар масъул бўлади ва шакллантирилган маълумотлар реал бўлиши шарт. Бу жараёнга ҳар хил ёшда ва касбда бўлган шахслар жалб этилиши мумкин. Биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари ходимлари, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори босқич талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, шунингдек, бошқа тоифадаги шахслар ҳам, улар мазкур жараёнда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, жалб қилиниши мумкин.
Давлат статистика қўмитаси томонидан туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда рўйхатга олувчи ходимларни ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади ва зарурат туғилса, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.
Иккинчи босқич, асосий босқич бўлиб, бу тахминан 10-60 кунгача давом этади. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.
Мамлакатимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй кирган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
Учинчи босқич муддати қарийб икки йилгача бўлиб, рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилиб, маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилинади ва натижалар эълон қилинади.
Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотларни уч тилда эълон қилиниши кўзда тутилган. Чора-тадбирлар дастурига асосан 2024 йил 1 декабрига қадар аҳолини рўйхатга олиш натижалари расман чоп этилади ва эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.
Аҳолини рўйхатга олиш қайси манбалари чет эл давлатлари тажрибасидан маълумки, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш кўп меҳнат ва маблағ талаб этади. Бунинг учун тадбирни молиялаштириш манбаларини аниқлаштириб олиш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Юртимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини молиялаштириш, Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ, Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодий тарққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа масъул идоралар ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдолари ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.
Маълумот тариқасида, 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига сарфланган харажатлар қиймати ўртача аҳоли жон бошига Тожикистонда 1,31 АҚШ долларини, Қирғизистонда 1,12 АҚШ долларини, Озарбайжонда 1,03 АҚШ долларини, Молдовада 2,15 АҚШ долларини, Россия Федерациясида 3,81 АҚШ долларини ташкил этган.

 

Муродулло Рўзиев
Вилоят Статистика
бошқармаси бошлиғи
6.05.2020 йил