МАТБУОТ ЁРЛИК“Навоийда банклар ва айрим ташкилотлар халқдан солиқ йиғишга жалб қилингани ростми?”.
Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Кармана тумани ҳокимлиги (туман ҳокимнинг биринчи ўринбосари) томонидан ҳудуддаги тижорат банклари ходимларини ўз фаолиятидан ташқари ортиқча ишларга жалб этилаётганлиги оқибатида ножоиз сўзлар ишлатилганлиги хусусидаги мақола шундай номланади.


Аён бўлишича, айни пайтда пандемия сабаб юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай инқирозларнинг олдини олиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона ва ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Жумладан, тижорат банкларининг мижози ҳисобланган хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз мажбуриятларини белгиланган муддатларда амалга ошириши, хусусан, биринчи галда, нотурар объектлари мулк солиқларининг тўланиши таъминланишига қаратилган тизимли ишлар ташкил этилган. Олиб борилаётган амалий ишлар натижасида эса давлат бюджетига солиқларнинг ўз вақтида туширилишига эришилмоқда.
Шу маънода мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳар қандай корхона ва ташкилот ёки мансабдор шахс бўлмасин белгиланган солиқ ёки банк тўловларини ўз вақтида амалга ошириши ўша субъектнинг тўлов маданияти қай даражада шаклланганлигидан далолат беради. Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро ёки раҳбар ўз иши ва касбига, ваколати ҳамда мажбуриятлари доирасида онгли равишда масъулият билан ёндашадиган бўлса ўзаро тушунмовчиликларга барҳам берилади.
Энг муҳими эса, бугунги кунда бутун дунёда давом этаётган иқтисодий-ижтимоий инқироз даврида ҳар биримиз зиммамиздаги мажбурият ҳамда вазифаларни ўз вақтида виждонан адо этишимиз нафақат касбий, балки чин инсоний бурчимиздир.
Зеро, берилган ваколат, мажбурият ва бурчни ўз вақтида бажаришга ундаш, инсофга чақириш – ҳақорат эмас, балки, чақириқ эканлигини унутмайлик!

Кармана тумани ҳокимлиги ахборот хизмати
18.04.2020 йил