Муҳтарам ота ва она!
Агар фарзандингиз таътилга чиққанида оромгоҳга жўнатишингиз ёки турли тўгаракларга аъзо қилишингиз мумкин эди. Аммо коронавирус хавфи туфайли ўрнатилган карантин тартибида эса, буларнинг сираям иложи йўқ. Буни ўзингиз жуда яхши тушунасиз ва хатто кўчадаги болалар майдончасига чиқаришга қўрқасиз. Кичкинтойларга ҳам катталар каби уйдан ташқарига чиқмаслик тайинланади. Ёш бола эса, бир жойда ўтириши қийин. Бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин? Бу масалада “Оила” маркази сизларга қуйидаги маслаҳатларни беради.
Биринчи маслаҳат: аввало тушунтиринг.
Болага “Боғчага-мактабга бормайсан, кўчага ҳам чиқма”, деб қуруққина қилиб ахборот берсангиз, у ташқарига талпинаверади. Боланинг ёшига мос тарзда карантин нега эълон қилингани, кўчага чиқиш нега хавфли эканлиги-ю нима учун уйда қолишимиз зарурлигини тушунтиринг. Болага бериладиган ҳар бир тарбиявий буйруққа изоҳ шарт. Коронавирус ҳақида эртаклар тўқишингиз, унинг расмини чизиб беришингиз мумкин.
Иккинчи маслаҳат: болани қўрқитманг.
Зеро, болаликда пайдо бўлган фобия катта бўлганида ҳам асорат қолдириши ҳеч гап эмас. Бари вақтинча эканлигини эслатиб, руҳлантиринг, келажакка умид, ишонч уйғотинг. Бу учун энг яхши усул – карантин тугаганидан кейин қилинадиган ишлар режасини тузиш. Қайси истироҳат боғига ёки театрга боришни хоҳлашини сўранг ва тахминий сана белгиланг.
Учинчи маслаҳат: кун тартиби тузиб олинг.
Уйғониш, овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, дарс қилиш, дам олиш, телевизор кўришга вақтлар тақсимланг. Жадвал асосида уларни кетма кетликда олиб борсангиз бола гапингизга осонроқ бўйсунади. Жадвалда китоб ўқишдан сўнг телевизор кўриш ёзилганини кўрсатинг. Фарзандингиз ўз вақтида ухлаш, уйғониш ва овқатланишига аҳамият беринг. Акс ҳолда карантин тугаб, боғча-мактаблар бошланганида эски тартибига қайтиши қийинлашади: барвақт туришга қийналади, кеч ётишга одатланади.
Тўртинчи маслаҳат: бола жисмоний фаолликдан узилиб қолмасин.
Спорт секциясига бориш ёки очиқ ҳавода югуришнинг иложи йўқлигига қарамай бола жисмоний фаолликдан узилиб қолмасин.Уй ичида бўлсада бадантарбия қилдиринг, мусиқа садолари остида гимнастикали рақслар ташкил қилинг.
Бешинчи маслаҳат: уйда нима юмуш бажарсангиз, болани ҳамкорликка чорланг.
Бирга овқат пиширинг, кийимларни тахлашда ёрдам сўранг, қўлидан келадиган уй юмушларини бажартиринг. Бирга ишлаш жараёнида суҳбатлашинг.
Олтинчи маслаҳат: болага ўрнак бўлинг.
Болага “Ҳеч қаёққа чиқмайсан”, деб уқтирсангизу ўзингиз бирровга меҳмонга бориб келсангиз, берган ўгитларингиз бекор кетади. Болада “Демак, кўчага чиқиш мумкин”, деган тасаввур уйғонади ва “қочиб қолиш” йўлини излайди.
Еттинчи маслаҳат: бола гаджетларга тобе бўлиб қолмасин.
Фақатгина бирор иши учун рағбатлантириш мақсадида унга телефон ёки планшетдан фойдаланишига руҳсат беришингиз мумкин. Шунда ҳам меъёрни унутманг. 3-4 ёшли бола – кунига ярим соат, 5-6 ёшли бола – кунига бир соат, мактаб ўқувчилари – кунига бир ярим соат. Телефонингизга болалар учун махсус дастурлар ўрнатинг. Ундан бола чет тилларини ўрганиш, ҳисоб-китоб, расм чизиш, нутқини ўстириш мақсадидагина фойдалансин.
Саккизинчи маслаҳат: уй ичида пикник.
Роль ўйнаймиз, фараз қиламиз, тасаввурларга эрк берамиз. Фарзандларингизга сумкаларига керакли нарсаларни жойлаб, сафарга отланишни буюринг. Агар шу пайтгача меҳмонхонага болаларни қўймасликни одат қилган бўлсангиз, бугунча эшик улар учун очиқ бўлсин. Болалар қўлидан келганича чайла қурсин ва безатсин. Кичкинтойларга атаган совғангизни уйнинг бирор бурчагига яширинг ва хазина топишга чорланг.
Тўққизинчи маслаҳат: расмлар кўргазмаси.
Фарзандларингизга расм чизишни ва унга ном беришни тайинланг. Асарларнинг энг зўрлари деворлардан жой олса, тайёр – галерея.
Ўнинчи маслаҳат: қўл меҳнати.
Болаларни қоғоздан ўйинчоқлар ясаш, майда жисмлар билан ишлашга кўп жалб қилинг.
Ўн биринчи маслаҳат: хорижий тил ўрганиш.
Ҳозир курсларга қатнаш ёки репетитор ёллашнинг иложи йўқ, аммо онлайн курслар бор. Каратинда бирорта чет тилини ўргатишни бошланг. Буни боланинг қизиқишига боғланг.
Энг асосий маслаҳат: бобо ва бувилари билан мулоқотини таъминланг.
Олимларнинг тадқиқотларида бобо ва бувиси билан кўп вақтини ўтказадиган болалар ортиқча вазн муаммосига деярли дуч келмаганлари аён бўлди. Замонавий болаларда семизлик камҳаракатлиликдан пайдо бўлади. Ёлғиз қолган кичкинтойлар кўп вақтларини бир жойда ўтириб телевизор кўриш ва компьютер ўйнаш билан ўтказадилар. Бу дунё бўйлаб ўрганилган статистикадан пайдо бўлган фикр: бобо ва буви болага қарашда ота-онадан кўра эҳтиёткорроқдир. Улар набираларига ҳар нарсани едиравермайдилар – касал бўлиб қолишидан қўрқадилар, турли ўйинларни ўйнашга руҳсат бермайдилар – жароҳат олиш эҳтимолидан хавфсирайдилар. Бу эса саломатликка келтириладиган зарардан ҳимоялайди. Бобо ва буви тарбиясидаги бола бир оз эркин, яратувчанликка мойил бўлади. Бобо ва бувилар болага дам беришни билишади. Зериккан бола эса, ўзига машғулот ўйлаб топади ва бу тафаккури ўсиши, мустақил фикри ривожланишига ёрдам беради.
Дунё бўйлаб коронавирус инфекциясининг тарқалиши хавфи туфайли юзага келган вазият оқибатини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида фуқаролар саломатлиги ва ҳаётини ҳимоя қилиш, шунингдек жамоат тартибини сақлаш бўйича барча йўналишларда тезкор ва кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ташвишли кунлар, албатта тез кунларда ортда қолади.
ОИЛАНГИЗ САЛОМАТЛИГИГА БЕФАРҚ БЎЛМАНГ! КАРАНТИН ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИНГ!
“Оила” маркази эксперти
Равшанбек БОБОЖОНОВ
18.04.2020 йил