МУРОЖААТ ТУМАН ҲОКИМИ

Қадрли юртдошлар, азиз тумандошлар!

Айни кунларда барчамиз диёримизга кириб келаётган, яшариш ва янгиланиш рамзи бўлган Наврўзи оламни чексиз ҳаяжон билан кутиб олмоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз аҳлини ана шу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этаман!
Наврўз айёми ўзининг қадимийлиги, маъно-мазмунининг теранлиги билан бошқа байрамлардан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам бу айёмни ҳар бир юртдошимиз катта орзу-ниятлар билан кутиб оладилар. Ана шу дилбар фаслда инсонларнинг бир-бирига меҳрибонлик кўрсатиши, беморларга, муҳтожларга беминнат ёрдами, табаррук кексаларимизнинг дуосини олиши каби ноёб фазилатлар, албатта, ҳамиша яхшиликка интилишга, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга чорлайди.


Бир неча минг йиллар аввал – “Авесто” даврида пайдо бўлган Наврўзи олам энг кўҳна, асл миллий, шарқона янги йил дебочаси сифатида, қолаверса, ўша замонлардан буён анъана ва қадриятларимизни безавол сақлаб келиши билан барчамизга қадрли ва азиздир.

Қадрли тумандошлар!


Юртимизда эзгу ишларни амалга ошириб яшаш учун барча имкониятлар тўла-тўкис яратилган. Эртанги кунига ишонч билан қарайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, қўлини қаёққа узатса етадиган мана шу элда яшашнинг ўзи саодат. Туманимизнинг ҳар бир фуқароси бу оддий ҳақиқатни сезиб турибди десам асло хато қилмайман. Ҳамюртларимиз ислоҳотлар равнақи, эл-юрт манфаати, хонадонларимиз тўкинлигини кўзлаб белини маҳкам боғлаяпти, дея қатъий ишонч билан айтишга ҳақлимиз. Негаки, республикамиз кўламида амалга оширилаётган ишларнинг бутун бўй-басти туманимиз мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Янги йўллар қурилаётгани, аввалгилари таъмирдан чиқарилаётганлиги, инфратузилма объектлари бунёд этилиб, қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб бораётганлиги хусусида кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.
Жумладан, туманимизнинг иқтисодий ҳаётида ва аҳолининг ижтимоий турмуш тарзида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йили “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида тижорат банклари томонидан 63 миллард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 3230 хонадонда паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик хўжаликлари ташкил этилди, тикувчилик, сартарошлик ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари ривожлантирилгани ҳам эътирофлидир. “Yоshlаr - kеlаjаgimiz” Давлат дастури доирасида эса 12 нафар ёш тадбиркорга 6 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари берилди.
2019 йилда Инвеститция дастури, “Обод қишлоқ” ва маҳаллий бюджет дастури асосида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди: 7 та янги боғча ва 6 та умумий ўрта таълим мактабида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилиб, улар замонавий қиёфа касб этди ва бу ишларга, 100 млрддан ортиқ маблағ сарфланди. Шунингдек, Биргина “Шибзон” маҳалласида иккита замонавий савдо биноси, ҳаммом, муҳташам тўйхона, “Тез ёрдам” шохобчаси барпо этилди. Жорий йилда ҳам ушбу дастур асосида “Азамат” маҳалласида бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.
2019 йилда туманимиздаги 188 та оила Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ўз турар-жойига эга бўлди. Шундан 144 та оила кўп қаватли уйларга кўчиб ўтган бўлса, 44 та 2 сотихли турар-жой бинолари ҳам қад ростлаб, ўз эгаларига топширилди. Жорий йилда ҳам бу ишлар давом эттирилиб, “Маликработ” массивида 96 та уй-жой қурилиши режалаштирилган. Албатта, бундай эзгу ишлар юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон эканлигидан далолат.
Наврўз ободлик, орасталик, меҳр-оқибат, хайру-саҳоват айёмидир. Ўтказилган умумхалқ ҳашарида барча тумандошларимиз ўзлари яшаётган, меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқ ва зовурлар, кўча ва ҳиёбонлар, муқаддас қадамжо ва қабристонларни тозалаш, ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этишди.


Азиз тумандошлар!


Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни яна бир бор яшариш ва янгиланиш айёми билан табриклайман! Наврўз юртимизга, ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга эзгулик, бахту саодат, фаровонлик олиб кирсин. Ҳаётимизни қувончли кунлар, тўй ва томошалар тарк этмасин. Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин.

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!