ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГМамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларини ўрганиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммарни тезкорлик билан ҳал қилиш борасида тизим яратилди.
Жумладан, ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ташкил қилинган эди. Эндиликда, мазкур қабулхона ҳузурида Тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши ҳам ўз фаолиятини бошлади.
Кармана тумани ҳокими ва Кармана туманидаги Бош вазирининг қабулхонасининг қўшма қарори асосида туманимизда ҳам Тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши тузилди ҳамда унинг Низоми тасдиқланди.
Хўш, мазкур кенгашнинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?


Тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади. Унинг асосий вазифалари кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига ҳамда ваколатли давлат органларига тақдим этиш, агентлик, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва иқтисодий кўникмаларини шакллантириш бўйича агентлик, жамоатчилик кенгашлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тизимли алоқаларни йўлга қўйиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш кабилардан иборат.
Тадбиркорлар кенгаши доимий равишда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ҳамда ҳар ойда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни агентликка тақдим этиб боради. Шунингдек, жамоатчилик кенгашлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва иқтисодий кўникмаларини шакллантириш бўйича тизимли алоқаларни йўлга қўяган ҳолда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилади.
Ҳозирги кунда туманимизда фаолият олиб бораётган Тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши таркиби раис, раис ўринбосари, котиб ва 4 нафар аъзодан иборат. Улар юқоридаги мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини олиб боришаяпти.


Шерзод ИСМОИЛОВ,
Кармана туманидаги Ўзбекистон
Республикаси Бош вазирининг
Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб
чиқиш қабулхонаси мудири.
10.02.2020 йил