янги китоб

Янги китоб

Истеъдодли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Кўнгил озодадур” китобини ўқиб

Ҳаётда баъзи воқеалар хотирангда қўрғошин сингари шундай қуйилиб қоладики, кўп йиллар ва ҳатто бир умр унинг тафти, ҳароратида юрасан киши.

Бу гапларни бошимдан ўтказганим учун рўй-рост ёзяпман. Чин юракдан айтай: 1991 йилнинг ноябрь ойи мен учун ғоят қувончли ва бутун умр эсда қоларли бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фармонига биноан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган кунларим эди.

Чинакам адабиёт ихлосманди ҳамиша яхши китоб, яхши асарни излаб, кутиб яшайди. Шундай асарга дуч келган куни унинг учун ҳақиқий байрам бўлади.

Ўша йили ашаддий китобхон бўлган камина учун яна бир қувончли воқеа бўлгани кечагидай ёдимда. У пайтларда “Шарқ юлдузи” журнали адабий ташналикларимизни қондирадиган етакчи адабий нашрлардан эди. Ўша даврларда адабиётга қизиқувчилар жуда кўп бўлармиди, деб ўйлайман. Нега десангиз, почтачилар “Шарқ юлдузи” журналини от, вилосипед ёки мотоциклларда ташиб юрганини жуда кўп кўрганман.

Котиба қиз келтирган журнални одатдагидек ҳис-ҳаяжон билан варақлай бошладим. Нигоҳим беихтиёр истеъдодли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Ажойиб кунларнинг бирида” қиссаси устида тўхтади.

Қисса “Халқ артисти Ботир Зокиров хотирасига бағишлаган” эди. Ўшанда буюк саънаткорга бағишланган бу қиссани юксак завқ-шавқ билан ўқиб чиққан эдим.

Яқинда Хайриддин Султоннинг “Кўнгил озодадур” номли ҳажман салмоқлигина янги китоби қўлимга тушди. Ушбу китобдаги “Саодат соҳили”, “Ёзнинг ёлғиз ёдгори”, “Ажойиб кунларнинг бирида”, “Кўнгил озодадур” қиссаларини янгитдан, янги бир меҳр ва бўлакча завқ билан ўқиб чиқдим.

Бу асарлар менга 30-40 йилдан буён таниш, ҳатто баъзи қиссалардаги манзаралар ёд бўлиб кетган бўлса-да, янги ҳаяжон билан мутолаага берилдим.

Адабиёт муҳиблари жуда яхши билишади, Хайриддин Султон Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Гулханий, айниқса, Абдулла Қодирий асарларини, уларнинг юксак инсоний-ижтимоий фаолиятини теран ўрганган ёзувчи.

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари асосидаги киносценарий ва “Раъно гулининг суви”, “Андиша”, “Шоирона, дарвешона бир маъно” каби эсселар китобхонлар томонидан қизғин қарши олинган.

Адиб буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида “Саодат соҳили”, “Ой ботган паллада”, “Паноҳ”, “Нуқта” каби қисса ва ҳикоялар, “Бобурийнома” номли маърифий роман яратган. Зукко китобхон бу асарларда истеъдодли ёзувчи ўзини буюк шоирга руҳан яқин тутганини яққол ҳис қилади.

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим айтганидек, такрор ўқиш асарнинг сирли, яширин қирраларини, аввал кўрилмаган файзли томонларини англашга ёрдам беради. Қайта мутолаа бадиий асарнинг, олим айтганидек, янги бир давру давронини бошлаб бериши мумкин.

Ўзбек адабиётида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида кўплаб асарлар яратилган. Аммо “Саодат соҳили” қиссаси уларнинг энг яхшиларидан бири экани шубҳасиз. Асарда буюк шоир ҳаётининг сўнгги дамлари улкан маҳорат билан тасвирланади.

Она диёрига қайтиш ихтиёри қўлидан кетган “қаландар” шоҳнинг ҳаёти китобхонни буткул ўзига ром қилиб қўяди. Биргина шоҳ эмас, балки кўчаларда саргардон бўлган Бахшитурк, ўзга элларда даҳшатли ўлим топган Бобоқул, жаҳонгашта аллома Ҳофиз Кўйкийнинг тақдири турли-туман воқеалар таъсирида намоён бўлади.

Китобхон Бобурдай улуғ зотнинг тақдирига, ҳаётига раҳми келади, ачинади, бу буюк инсоннинг юрт армони ва соғинчи билан йўғрилган изтиробларига шерик бўлади.

Китобдаги гўзал қиссалардан бири, юқорида таъкидлаганимиздек, “Ажойиб кунларнинг бирида” асаридир. Қиссада Султон, Абдулла ва Камолнинг Ботир Зокировнинг уйига бориш воқеалари айниқса эсда қоларли тасвирланган. Бу воқеалар замирида дунё таниган санъаткорнинг чин инсоний қиёфаси намоён бўлади. Унинг мумтоз адабиёт, айниқса, Алишер Навоий асарларининг чин “жинниси” экани қуйидаги воқеада ишонарли тарзда берилган.

“Камол кресло ёнидаги пастак стол устида ётган альбомлар, даста-даста китоблардан бирига қўл чўзди.

– Кўрсам майлими, Ботир ака?

– Навоий! – деди Камол, сабзиранг муқовали қалин китобни аста варақлаб.

–Ҳа, кеча оқшом дадам раҳматли эсимга тушиб кетди. Бу китоб улардан ёдгор. У киши узун қиш кечалари мана шундай деразанинг олдида, эски китобларни варақлаб ўтирардилар. Мен жимгина томоша қилишни яхши кўрардим. Бир куни “Ҳадеб нимани қидираверасиз, дада?” деб сўраганим эсимда. Дадам, кулдилар-да, “Ўзимни қидиряпман, ўғлим, – дедилар. – Мана, қулоқ сол: “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”. Мир Алишер мана шундоқ деганлар, уқдингми?”

Учрашувда Ботир Зокировнинг юксак дид ва билим эгаси экани кўринади. “Навоийдан, Фузулийдан, Машрабдан айтишим керак эди. Қандоқ тоза, маъноли сўзлар бор экан уларнинг асарларида! Фузулийни қаранг-а: “Фалак ёнди оҳимдан, муродим шаъми ёнмасму?” Халқ қўшиқлари-чи? “Дутор чалиб ўтирсам, тори узилиб кетди, Ёрим эсимга тушиб кўнглим бузилиб кетди...”.

“Сезаяпсизми, қанчалик соф, содда, мардона! Ахир, мен шуларни эшитиб улғайганман, отам ҳам, онам ҳам айтишар эди. Мен кўп адашдим, кўп”.

Меҳмонлар атоқли санъаткорнинг уйида яйрайди. Бой таассуротлар олади. Гурунгда Ботир Зокировнинг “Касалдан гаплашган одам, баттар касал бўлади”, деган гаплари у кўп изтироблар чекканидан дарак беради. Икки марта инфаркт бўлган зот ўлимни бўйнига олиб қўшиқ айтади. Айниқса, у вафот этгандаги ҳолат жуда-жуда қайғули. “Укалари, шогирдлари сўнгги манзил олдида, “Баҳор” концерт залида буюк санъаткор айтган қўшиқларни видолашувда айтиб туришди. Оҳ, юраклар эзилар манзара.”

Шу ўринда муҳим бир нарсани алоҳида қайд этмоқ керак. Хайриддин Султон ўзбек адабиётида таниқли ҳикоянавис ёзувчи сифатида ҳам танилган. Унинг “Умр эса ўтмоқда”, “Ё, Жамшид!”, “Дунёнинг сири”, “Дўстим Эсонбой”, “Қоғоз гуллар”, “Ой ботган паллада” ҳикоялари аллақачон ўқувчиларнинг бадиий мулкига айланган.

Китобдаги Юрий Нагибин, Василий Шукшин, Валентин Распутин, Нодар Думбадзе, Дино Буццанти каби ёзувчилар ижодидан қилинган таржималар севимли адибимизнинг таржимонлик борасидаги юксак салоҳиятидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, “Кўнгил озодадур” китоби покиза кўнгилларнинг бебаҳо мулки, китобхонларнинг ардоқли нашрига айланиб қолишига шубҳа йўқ.

 

Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими.
03.01.2020 йил