Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Тошкент шаҳри ва вилоятида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, кўп қаватли уйлар ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилаётгани Эски шаҳар кўркига кўрк қўшиб, уни пойтахтимизнинг диққатга сазовор масканларидан бирига айлантирмоқда.
Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида ижод мактаби ва музей бунёд этилди. Боққа кираверишда буюк ёзувчи ҳайкали ўрнатилди. Бу Эски шаҳарни мазмунан бойитди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Янги йил арафасида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб улуғ адиб ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этиб, унинг пойига гул қўйди.
Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида тараққиётининг янги босқичига ўтмоқда. Жамиятимизнинг маънавий пойдеворларидан бўлган ўзбек тилининг ўрни ва нуфузини оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинасини ёш авлодга етказиш мақсадида атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилмоқда. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари шулар жумласидандир.
Иқтидорли ёшларни аниқлаш, ўқитиш ва тарбиялаш ишларини янги босқичга кўтариш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 сентябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганишга ихтисослашган.
Мазкур таълим маскани Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармойиши билан ташкил этилган. 2019-2020 ўқув йилида унинг 5, 6, 7 ва 8-синфларига ижодий имтиҳонлар ва тест синовлари асосида 121 нафар ўқувчи саралаб олинди. 5-синф ўқувчиси, “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови ғолиби Зилола Шомуродова ҳам ижод мактабига қабул қилинди.
Икки қаватли мактабда ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун ҳамма шароит яратилган. Хоналар кенг, ёруғ, шинам ва қулай. Фан кабинетлари замонавий технологиялар ва ўқув анжомлари билан таъминланган. Кутубхона адабий асарлар, бадиий адабиётларга бой. Очиқ ва ёпиқ спорт залларида ўғил-қизлар спорт тўгаракларига қатнашиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун қулайликлар мавжуд.
Президент Шавкат Мирзиёев бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
– Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистон келажагининг бунёдкорларидир. Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз Ватанини юракдан севадиган истеъдод эгалари. Биз ижод мактабларида ватанпарвар ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз, – деди Президентимиз.
Ижод мактабида “Қодирий издошлари”, “Ёш қаламкашлар”, “Ёш журналистлар” каби тўгараклар, “Ифодали ўқиш”, “Нотиқлик санъати” бўйича қўшимча дарслар ташкил этилган. Таниқли ёзувчи, шоир ва олимлар иштирокида маҳорат дарслари, Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган маърифий тадбирлар тез-тез ўтказилиб туради.
Давлатимиз раҳбари олий ўқув юртларининг олимлари бу ерда дарс ўтиши, таниқли ёзувчи ва шоирлар маҳорат сабоқларини йўлга қўйиши, дарслар замонавий методика асосида олиб борилиши зарурлигини таъкидлади. Истеъдодли болалар фақат ўқув жараёни билан чекланмай, университетларда амалий машғулотлар ўташи кераклигини қайд этди. Ўғил-қизларга мамлакатимиз тарихини мукаммал ўргатиш мақсадида ижод кунлари юртимизнинг диққатга сазовор шаҳарларига саёҳатларини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
– Бу мактабда миллатпарвар, ўзлигини англаган авлод камол топишига ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, бу йил Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланди. Бундай тадбирлар адиб номи қўйилган ижод мактабида ўзгача шукуҳ билан ўтди.
Фақатгина бу эмас. Қодирий яшаб, ижод қилган уй музейга айлантирилди. Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига кираверишда адиб музейи барпо этилди. Мазкур бинога “Турон” кутубхонаси ҳам жойлаштирилди. Бу нафақат адибнинг ворислари, балки адабиёт, маънавият ва маърифат аҳлини, бутун халқимизни чексиз қувонтирди.
Президентимиз музей ва кутубхонадаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.
Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда ёзувчининг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари, мустақиллик йилларида Абдулла Қодирийга кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозициялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” фильмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин.
“Турон” кутубхонаси ўтган аср бошларида жадид маърифатпарварлари томонидан ташкил этилган бўлиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кутубхона яна Эски шаҳарга кўчириб келинди. Кутубхонада китобхонлар учун ҳамма имкониятлар яратилган, ўқув заллари замонавий компьютерлар, “Wi-Fi”, нусха кўчириш ускуналари билан таъминланган. Бу ерда имконияти чекланган шахслар ҳам фойдаланиши учун махсус зал мавжуд, брайл алифбосидаги адабиётлар қўйилган.
Давлатимиз раҳбари қарийб 400 минг китоб фондига эга кутубхона адабиётларидан юртдошларимизни кенг баҳраманд этиш, бунинг учун пойтахтимиздаги маҳаллалар, мактаблардан аҳоли ва ёшларнинг экскурсияларини ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, бу ерда ҳаёт қайнаши зарурлигини таъкидлади.
– “Турон” кутубхонаси кўчирилиб, беватан қилиб қўйилган эди. Бугун кутубхона яна Эски шаҳарга қайтарилгани жадид боболаримиз руҳларини шод этди. Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Мунаввар қори каби боболаримиз бир пайтлар иморат қурмаган, бойлик орттирмаган, не-не машаққат билан топган маблағига кутубхона қурдирган. Улар мана шу кутубхонани ўзларидан ҳайкал қилиб кетган, десак бу ҳам адолатдан бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан суҳбатда давлатимиз раҳбари Эски шаҳарда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби, адиб музейи ва кутубхона қурилгани ушбу гўшага яна барака қайтаётганидан далолат эканини қайд этди.
– Якунланиб бораётган бу йилимиз ҳам юртимиз, халқимиз учун салмоқли ютуқларга бой бўлиб тарихда қолади. Катта-катта савоб ишлар қилаяпмиз, Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар барпо этишга киришдик. Бу билан мамлакатимизда учинчи ренессанс даврига пойдевор қўйдик. Сизлар билан бугунги учрашувимиздан мақсад адабиётга, маънавиятга эътибор бериш учун яна нималар қилишимиз керак – шуларни фикрлашиб олмоқчиман. Битта нарсани билинглар, адабиётсиз иқтисодиёт ҳам, маънавият ҳам бўлмайди. Ҳар қанча бойлик китобсиз, билимсиз, маънавиятсиз узоқ яшамайди. Ижод мактабларида ўқиган болалар эртага Ватанга, оилага хиёнат қилмайди. Шу жиҳатдан мазкур ўқув даргоҳлари миллатимиз адабиётини, маънавиятини улуғлайдиган ватанпарвар ёшларни тарбиялашда таянч бўлади, – деди Президентимиз.
Учрашувда Ўзбекистон янги тараққиёт даврига қадам қўйгани, юртимиз ўз йўлини тўғри танлаб олгани ва бу йўлдан асло қайтмаслиги, сўнгги уч йилда адабиётга, маънавиятга эътиборнинг кучайгани халқимизни руҳлантиргани алоҳида таъкидланди. Ёзувчи-шоирлар мамлакатимиздаги ўзгаришларга ёшларимизни эргаштиришда ўзларининг ижоди билан давлатимизга куч-қанот бўлиши зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, халқ шоири Маҳмуд Тоир, адабиётшунос олимлар Наим Каримов, Иброҳим Ғафуров, адибнинг набираси Хондамир Қодирий ва бошқалар Абдулла Қодирий қатағон йилларида жуда катта жасорат кўрсатиб, халқимизга бебаҳо мерос қолдиргани, аммо шу кунгача унинг бой мероси ва хотирасига етарли эҳтиром кўрсатилмаганини сўзладилар. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Абдулла Қодирий ижод мактаби ва музейидан иборат яхлит мажмуа фойдаланишга топширилгани мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида улкан воқеа, ёшларимиз, бутун халқимизга муносиб туҳфа бўлганини қайд этиб, бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Шу куни Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмда бўлди.
Президентимиз томонидан берилган топшириққа мувофиқ, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда ҳарбий қисм қайта ташкил этилиб, замонавий ҳарбий шаҳарчада жойлаштирилган эди.
Шавкат Мирзиёев бу ерда яратилган шароитлар, ўқув-тарбия жараёни, замонавий ўқитиш воситалари, шунингдек, ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологиялари қай даражада жорий этилгани билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги қарорига асосан ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа соҳасида юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти этиб қайта ташкил этилган.
Мазкур ҳарбий институтда олтита йўналиш бўйича офицер кадрлар тайёрланади. Ўнта кафедра ва малака ошириш факультети фаолияти йўлга қўйилган. Мавжуд лабораториялар энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. 700 ўринли ошхона, спортнинг 14 тури билан шуғулланиш имконияти бўлган ёпиқ спорт зали бор. Бу ерга курсантлар техник йўналишдаги олий ўқув юртларининг энг иқтидорли талабалари орасидан саралаб олинади.
Ташриф чоғида ҳарбий хизматчилар, вазирлик ва идоралар, Фанлар академияси раҳбарияти, техника йўналишидаги етакчи олий таълим муассасалари ректорлари билан суҳбат бўлиб ўтди. Унда ҳарбий таълимни ривожлантириш, ҳарбий алоқа мутахассисларини саралаш ва тайёрлаш бўйича кенг тизимни йўлга қўйиш борасида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги чоралар белгилаб олинди.
Бугунги ахборот асрида тезкор хабар алмашув, айниқса, ҳарбийлар учун ғоят муҳим аҳамиятга эгалиги, бу тизимни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, алоқа хавфсизлигини чуқур эгаллаган мутахассислар тайёрлаш ишларини доимий шакллантириб бориш зарурлиги таъкидланди.
– Бугун алоқа соҳасини ривожлантириш бўйича бир йил олдин бошлаган ишларимизнинг илк натижаларини кўриб турибмиз, – деди давлатимиз раҳбари. – Алоқа бўйича биринчи институтимиз ташкил этилди. У ҳарбий қисм билан бир жойда жойлашгани курсантларнинг назарий машғулотларни амалиёт билан уйғун ўтказишида қўл келади. Энди эътиборни сифатга қаратишимиз лозим.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарига ҳарбий қисмда амалга оширилган қурилиш ишлари, мудофаа тизимида алоқа тармоқларини модернизация қилиш, жанговар ва ўқув тайёргарлик жараёнларини автоматлаштириш бўйича лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари турли нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ҳарбий спортчилар билан ҳам мулоқот қилди.
Шавкат Мирзиёев ҳарбий қисм ихтиёридаги махсус техника ва алоқа воситаларининг намуналари билан танишди.
Манба: Uza.uz