Олий судьЎзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 2019 йил мобайнида оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳамда вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, оила институтини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган комплекс чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 20 июлда Олий суд ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ўртасида “Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандум имзоланди.

Мазкур меморандумга асосан, судларда кўрилган, аёллар ва болалар ҳуқуқи билан боғлиқ фуқаролик ва жиноят ишларида Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари иштироки таъминланди.

Шунингдек, Олий суд судьялари ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкорликда очиқ мулоқотлар ўтказилгани, ҳамда Олий суд ташаббуси билан суратга олинган “Фарзанд–омонат” ва “Ота” номли қисқа метражли фильмлар ҳамда аёллар жазони ижро этиш муассасасидан олинган видео лавҳалар нотинч оила аъзоларига намойиш этилгани натижасида ажралиш арафасидаги 610 нафар фарзанди бўлган 511 оила яраштирилди.

Республиканинг барча меҳрибонлик уйларига чиққан ҳолда у ердаги аҳвол билан танишилди ҳамда турли сабабларга кўра вояга етмаган фарзандларини меҳрибонлик уйларига жойлаштирган эр-хотинлар билан суҳбатлар ўтказилди, натижада Меҳрибонлик уйларидаги тарбияланаётган ота-онаси бор 400 дан зиёд бола оилаларига қайтарилди.

Турли жиноят содир этган 2 минг нафар аёлга нисбатан жойлардаги хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди, шундан 156 нафари суд залидан қамоқдан озод қилинди; озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган (ахлоқ тузатиш иши, озодликдан чеклаш ва манзил калонияларида) жазо ўтаётган 2 минг 158 нафар аёл муддатидан олдин шартли озод қилинди; узоқ муддатдан буён жазо ўтаётган 85 нафар аёлнинг иши қайта кўриб чиқилиб, тайинланган жазолар камайтирилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Манба: Uza.uz