Интернет 1Давлат бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш – айни пайтда кун тартибидаги муҳим масала саналади. Бу эса аввало, корхона-ташкилотларнинг ОАВ билан тобора яқин ҳамкорлик ўрнатиши билан боғлиқ.
Кейинги вақтларда вилоятимизда матбуот анжуманларининг тез-тез ташкил этиб келинаётгани айни жараён воҳамизда қизғин кечаётганидан далолат беради.


Яқинда худди шундай тадбир Республика маҳаллалар кенгаши бошқаруви ташаббуси билан вилоят Маҳаллалар кенгашида ўтказилди. "Халқчил институт ва самарали фаолият" мавзусидаги матбуот анжуманида Республика кенгаши Ахборот хизмати бошлиғи А.Умарова, вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Д.Мамаражабов, вилоят Маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Н.Исоқов ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Ажуманда пойтахтимиздан ташриф буюрган меҳмонлар вилоят Маҳаллалар кенгаши фаолиятига тўхталар экан, амалга оширилаётган саъй-ҳарактларни юксак баҳолади ва бу жараёнларни матбуотда ёритишда журналистлардан кўмак сўради. Шундан сўнг Н.Исоқов Кенгаш фаолияти юзасидан ОАВ вакилларига ахборот берди ҳамда журналистларни қизиқтирган бир қатор саволларга ҳам жавоб берди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳам журналистлар ва корхона-ташклотлар ҳамкорлигини кучайтиришда жадал иш олиб бормоқда. Бўлим ташаббуси билан яқинда вилоят Молия бош бошқармаси ва Ғазначилик бошқармаси ҳамкорлигида “Молия тизими: шаффофлик йўлидаги ислоҳотлар” мавзусида ўтказилаётган матбуот анжуманида ҳам айни фикрлар алоҳида тилга олинди.
Орттирилган бюджет маблағларининг қай тартибда ишлатилаётгани ва нималарга йўналтирилаётгани, айрим ижтимоий соҳа объектлари қайта-қайта реконструкцияга тушиб, ҳар йили давлат ҳисобидан таъмирланиши, баъзи муассасалар эса эътибордан четда қолаётганининг сабаблари, ташаббусли бюджет лойиҳалари депутатлар томонидан муҳокама қилинмаётгани каби бир қатор танқидий мулоҳазалар ҳам билдирилди. Мутасаддилар мазкур саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Анжуман якунида бошқармаларда матбуот котиблари штатини жорий этиш ва улар билан таҳририятлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш масаласи кўриб чиқилди.

О.ШУКУРОВ.