ўқитувчилар куни 5Кармана тумани ҳокими Фахритдин Умаровнинг
1 октябрь — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан соҳа ходимларига
                               Т А Б Р И Г И
Қадрли устозлар, меҳри дарё мураббий ва ўқитувчилар!
Аввало Сизларни, Сизлар орқали туманимизда фаолият олиб бораётган барча ўқитувчи ва мураббийларни, умрини мамлакатимиз ёшларига таълим-тарбия беришдек шарафли ишга бағишлаб келаётган муҳтарам устозларни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Шубҳасиз, ҳар қандай жамиятнинг эртанги тараққиёти ўқитувчи ва муаллимнинг бугун қилаётган меҳнатига боғлиқ. Ватанимизнинг эртангги куни, ёш авлодни тарбиялаш борасидаги устоз – муаллим фаолияти сабр – бардош ва матонат намунаси, десак асло хато бўлмайди. Чунки мактабга илк бор қадам қўйган гўдакка биринчи ҳарфларни ўргатишдан тортиб уни эл-юрт корига ярайдиган этук инсон, ўз касбининг устаси бўлган малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш осон иш эмас. Бунга кунлар, ойлар, йиллар давомидаги фидокорона меҳнат туфайлигина эриши мумкин.


Биз бугун замонавий билимни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз. Буюк бобомиз Алишер Навоий айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.
Қадрли устозлар!
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Албатта, жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан бошланади. Чунки, ҳар бир инсоннинг баркамол шахс бўлиб вояга етишида мактабнинг, жонкуяр педагогларнинг ўрни ва роли катта.
Президентимиз раҳбарлигида кейинги йилларда таълим тизимига катта эътибор берилмоқда. Буни туманимизда ушбу соҳада олиб борилган ишлар ва ўзгаришлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Масалан, 2018 йилда Инвестиция дастури асосида 1 та ва “Обод қишлоқ” дастури асосида 7 та умумтаълим мактаби мукаммал ва жорий таъмирланган ва бу учун 10 миллиард 250 миллион сўм маблағ сарфланган эди. Жорий йилда эса Инвестиция дастури асосида 3 та ва “Обод қишлоқ” дастури асосида 2 та умумтаълим мактаблари мукаммал ва жорий таъмирланди. Бунинг учун жами 16 миллиард 789 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Ёки мактабгача таълим тизимида қилинган ишларни олиб қарайлик. 2016-2017 йилларда туманимизда бор йўғи 17 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунга келиб улар сони 40 тага етказилди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 2 та давлат, 2 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги, 3 та нодавлат ҳамда 7 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ишга туширилди. Бу борадаги ишларимизни келгусида ҳам давом эттирамиз ва йил якунига қадар яна 7 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.
Албатта, буларнинг барчаси юртимизда таълим тизимига қаратилган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.
Муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлар!
Ўтган ўқув йили якунлари ҳақида фикр юритар эканмиз, аввало, туманимиз таълим муассасалари томонидан бир қатор йўналишлар бўйича улкан ютуқларга эришилгани, ўқувчилар билим самарадорлигини ошириш ҳисобидан юқори натижалар қўлга киритилганлигини мамнуният билан эътироф этиш жоиз. Жумладан, “Билимлар беллашуви”нинг вилоят, республика босқичларида туманимиз ўқувчилари фахрли ўринларни қўлга киритишди. Мактабни тамомлаган ўқувчиларимизнинг кўпчилиги олий таълим муассасаларининг талабаси бўлишдек бахтги мушарраф бўлишди.
Спорт мураббийларининг эътирофли меҳнатини ҳам ёш спортчиларимизнинг қўлга киритган ғалабалари мисолида кўришимиз мумкин.Албатта, бу каби ютуқлар замирида машаққатли меҳнат, фидойилик мужассам эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.
Азиз устозлар!
Сизларни яна бир бор 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, барчангизга узоқ умр, бахт-саодат, хонадонингизга файзу-барака тилайман.
Президентимиз таъкидлаганидек, мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айлансин. Бу йўлда сиз азизларга зафарлар ёр бўлсин!