Кармана тумани ҳокимлигининг катта мажлислар залида 2019 йил 25 сентябрь куни “Ватан келажаги сенинг қўлингда!” шиори остида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Барчамизга маълумки Республикамизда ёшларга дахлдор бўлган долзарб масалалар, ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасида кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг, 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сонли фармонининг қабул қилиниши бугунги давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.
Бугунги кунда тумандаги ёшларнинг муаммоларини уйма-уй кириб ўрганилганда жами аҳоли 140 000 нафарни ташкил этди. Шундан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар 32932 нафар, йил бошида аниқланган ишсиз ёшлар сони 1816 нафарни ташкил этарди. Ҳозирда ушбу ёшларимизнинг муаммоларини ҳал этиш ва ташаббусларини қўллаб қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб муайян ишлар амалга оширилмоқда ва уларнинг 943 нафарининг турли йўналишларда бандлиги таъминланди.
“Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш, фермерликни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни самарали ташкил этиш юзасидан 2018-2019 йилларга мўлжалланган йўл харитаси ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ 32 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 2019 йил давомида 12 млрд 70 млн. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилиб, ҳозирга қадар ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бўлган 5 нафар ёшларимизга 2 млрд 310 млн 900 минг сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилиб, 30 нафар ёшларниннг бандлиги таъминланди.
Тадбир очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, ёшлар фаол иштирок этишди.