nixol1

Жорий йил куз ҳамда 2019 йил баҳор мавсумида кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокими  фармойиши асосида воҳамизда тизимли ишлар   олиб борилмоқда.

Жумладан, ишлаб чиқилган тадбирлар режасига кўра 20 октябрдан 20 декабргача корхона-ташкилотлар, хизмат кўрсатиш, ижтимоий соҳа объектлари ҳудудлари, қишлоқ ва хонадонларда, автомобиль йўллари атрофлари ҳамда фермер хўжаликлари экин ерларининг четларида жами 380 минг туп терак, акация, заранг, қайрағоч, шумтол, каталка, эман, япон сафораси, шарқ туяси, ёнғоқ каби турли мевали, манзарали ва 107 минг туп бошқа турдаги дарахт кўчати ўтқазилиши белгиланган.

Манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари етиштириб бериш вилоят Ўрмон хўжалиги, ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари, кўчат етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Туманимизда ҳам айни мавсумда 55,6 минг туп дарахт кўчати ўтқазиш ишлари олиб борилаяпти. Бунинг учун жами 398,5 миллион сўм сарфланади.

— Ота-боболаримиз ҳар бир туғилган фарзанд учун мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазишгани бежиз эмас, — дейди туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бош мутахассиси М. Ражабова. — Бу азал-азалдан бизда экологик маданиятнинг инсон камолоти, унинг маънавияти билан чамбарчас боғлиқ эканлигини билдиради. Бугунги олиб борилаётган ишларимиз ҳам бевосита ана шундай қадриятларга ҳамоҳанг.

Мазкур чора-тадбирлар келгуси йил баҳор мавсумида белгиланган режа асосида давом эттирилади. Ушбу даврда ҳам вилоятимиздаги маҳалла, гузарлар, кўчалар, хонадонлар, асосий йўллар атрофлари ҳамда ижтимоий, ишлаб чиқариш соҳалари объектлари, чўл ва яйлов ҳудудларида 929,3 минг туп манзарали дарахт, 600 минг туп ёнғоқ кўчат, 390 минг дона турли дарахт қаламчаси ўтқазилади.

Ўз мухбиримиз.

01.11.2018