БАЙРАМГА МУНОСИБ ТУҲФА
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Кармана туманидаги Мир Саид Баҳром маҳалласида “Янги авлод” кўнгилочар боғининг иш бошлагани туман болажонлари учун бир умр эсда қоладиган қувончли воқеа бўлди.
Аҳолининг сермазмун ва мароқли дам олиши, болаларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказишини таъминлаш мақсадида “Naveko” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3,5 миллиард сўм эвазига бунёд этилган ушбу масканда 15 та аттракциондан ташқари шинамгина кафе, ёш истеъдод эгалари учун амфитеатр, ёзнинг жазирама иссиқ кунлари тафтини босувчи, сайилгоҳга кўрк бағишлаб турган фаввора ўрин олган.
— Авваллари болалар билан мароқли ҳордиқ чиқариш учун туманимизда кўнгилочар боғи мавжуд эмас эди, — дейди Арабхона маҳалласидан тантанали маросимга келган Ш. Саидова. — Ушбу боғ замонавий аттракционлари билан фарзандларимга жуда маъқул бўлди.
Ёзги таътил бошланиши билан ишга тушган, фарзандларимизга муносиб туҳфа бўлган ушбу кўркам масканда дам олиш, овқатланиш учун ҳам шароитларнинг яратилганлиги болалар ва отаоналар учун яна бир қулайликдир.
Навоий шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг ташаббуси ва вилоят ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган “Маърифат боғи” ҳам тантанали равишда очилди.
Қарийб бир гектарлик боғ тадбиркор ва фаол ёшлар меҳнати билан кўркам масканга айланди. Мазкур маънавият хиёбонига 2 миллиард сўм маблағ эвазига рангли фаввора, китоб монументи ҳамда ёзги амфитеатр барпо этилди. Йўлаклар бўйлаб махсус ўриндиқ ва айвонлар тикланиб, атрофида ўзига хос ижодий муҳит яратилди.
Муҳташам “Маърифат боғи”ни очиш учун рамзий тугма босилганида йўлак бўйлаб отилган мушаклар барча меҳмонларга завқ улашди.
Тантанада мазкур боғ барча навоийликларнинг, айниқса, ёшларнинг энг севимли масканига айланиши, уларнинг мутолаа маданиятини ошириш ва бўш вақтларидан мазмунли фойдаланишига хизмат қилиши таъкидланди. Асосийси, ёшлар учун бундай кўркам гўшаларнинг бунёд этилиши юксак эътибор ва рағбат намунасидир.
— Ўзбекистон ёшлари дунёнинг энг бахтли фарзандларидир, — дейди фаол ёшлардан бири, Навоий давлат педагогика институти талабаси Л. Қаюмов. — Боиси, давлатимиз раҳбари томонидан биз учун барча имконият ва шароитлар яратиб берилмоқда. Мазкур боғ ҳам тенгдошларимиз учун яна бир қулайлик намунасидир. Айниқса, бу гўша остонасидан мутолаа завқи ва маданиятини оширишга ундовчи муҳит ва омиллар намоён бўла бошлайди.
Тадбир доирасида жажжи болажонлар учун “Бахтли болалик” лойиҳаси ўтказилди. Ёшлар иштирокидаги ижодий жамоаларнинг куйқўшиқлари барчани рақсга чорлади.
Тантанали маросим давомида байрам муносабати билан имконияти чекланган, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига совғалар улашилди. Шунингдек, жорий йил май ойида Урганч шаҳрида ўрта махсус, касбҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган “Ёш қутқарувчи” мусобақалари республика босқичида иккинчи ўрин соҳиби бўлган вилоятимиз ёшлари тантанали равишда тақдирландилар.
Маросимларда вилоят ҳокими К. Турсунов иштирок этди.
Нуриддин РАҲИМОВ.
07.06.2018