ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР ҚЎШИМЧА ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТМОҚДА
Қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бугунги кунда туманимиз тадбиркорлик соҳасининг энг даромадли йўналишларидан бири саналади. Арғун маҳалласида 2005 йилдан буён фаолият олиб бораётган “Tiramisu” оилавий корхонаси шу йўналишдаги энг намунали тадбиркорлик субъектларидандир. Яқинда ушбу корхона тасарруфидаги “Shirin diyor” қандолатчилик ишлаб чиқариш ҳамда ўқитиш маркази фойдаланишга топширилди. Тадбиркорнинг ўз маблағи ва “Микрокредитбанк”нинг 190 миллион сўмлик кредити ҳисобига барпо этилган икки қаватли объектда ширинлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехлар, дўкон ва ўқув маркази фаолият юритмоқда. Хитойдан келтирилган замонавий технологиялар бир кеча-кундузда 700 килограммгача бўлган 70 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Таъкидлаш керак, 13 йил аввал беш нафар коллеж битирувчиси билан иш бошлаган корхона ходимлари сони бугунга келиб 25 нафарга етди. Айни пайтда тайёр маҳсулот Навоий ва Самарқанд вилоятидаги бозорлар, супермаркетларга топширилмоқда. Ўтган бир ойда 400 миллион сўмлик ширмой кулчалар, ёғли патир, торт, қуритилган мевалардан тайёрланган ширинликлар буюртмачиларга етказиб берилди.
Келгусида корхона янги технологиялар келтириб, маҳсулот тури ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришни мақсад қилган. Бу эса қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.
Ўз мухбиримиз.
25.05.2018