DSC 0786ТАРИХИЙ ЁДГОРЛИКЛАР

ОБОД ҚИЛИНДИ

     Инсонларни эзгулик, яхшилик ҳамда олижаноб ишларга даъват қиладиган муборак Рамазон кунлари шарофатидан диёримиз янада обод-кўркам, халқимиз фаровон ва бахтиёр бўлмоқда. Ҳар бир кунимиз янгилик, ўзгаришлар, яратиш ва юксалишларга ҳамоҳанг ўтаётир. Шундай фараҳбахш кунларда қадимий ва ҳамиша навқирон Кармана туманидаги Хўжа Хисрав, Мирсаид Баҳром ва Қосимшайх тарихий ёдгорликларининг қайтадан таъмирланиб, фойдаланишга топширилганлиги вилоятимиздаги ёшу қарини хурсанд этди.

Меҳнат фахрийлари, диний соҳа ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари дастлаб Хўжа Хисрав ва Мирсаид Баҳром мақбараларига ташриф буюришди. Шундан сўнг Қосимшайх мажмуасида бўлиб, бу ердаги жомеъ масжиди, Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон даҳмаси, Қосимшайх Азизон хил­хонасини зиёрат қилишди. Мазкур манзилдан мангу қўним топган зотлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди.

Меҳмонлар зиёратгоҳда намозхонлар учун бунёд этилган нақшинкор айвонни кўздан кечирдилар.

 Қосимшайх меъморий мажмуасида рўзадорларга ифторлик дастурхони ёзилди. Вилоят ҳокими К. Турсунов тадбир қатнашчиларини моҳи Рамазон билан қутлаб, мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар туфайли халқимиз фаровонлиги ошаётганлиги, жумладан, асрий қадриятларимиз рамзи бўлган маданий мерос объектлари асл ҳолича элюртимизга қайтарилаётганлигини таъкидлади. Мазкур мажмуалар ҳам Президентимизнинг сайловолди учрашувларидаги топшириқлари асосида ҳудудимиздаги бошқа зиёратгоҳлар қатори мукаммал таъмирланди.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик учун мунаввар оқшом оғушидаги тадбир иштирокчилари тилидан шукроналик каломи тушмайди... Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан диний соҳага қаратилаётган юксак эътибордан барча бениҳоя мамнун.

— Қосимшайх қадамжоси жуда файзли бўлибди, — дейди Кармана туманидаги Бешкент маҳалласида яшовчи Сафар ҳожи ота Мамарайимов. — Истиқлолнинг дастлабки йилларида ушбу мажмуа таъмирланганди. Йиллар ўтиб, бино деворлари нурай бошлади. Мана ёдгорлик яна асл ҳолатига келтирилди. Хўжа Хисрав зиёратгоҳи ҳам мутлақо янги қиёфа касб этди. Қурувчилар томонидан мажмуада катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Мирсаид Баҳром мақбараси ободонлаштирилиб, атрофи девор билан ўралди. Мовий гумбази офтоб нурида ярқираб, зиёратчиларни ўзига чорламоқда. Бунинг учун ушбу эзгу ва савоб ишлар бошида турган инсонларга раҳмат айтамиз.

Дарҳақиқат, “Sardoba-Malikrabot” хусусий корхонаси ишчилари бир йилдан ортиқ вақт тер тўкиб, Қосимшайх тарихий-ёдгорлик мажмуасини деярли қайтадан тиклашди. Шаҳрисабз, Самарқанд, Нурота, Қўқон каби шаҳарларда қатор меъморий обидаларни таъмирлаб, анчагина тажрибага эга бўлган бунёдкорлар томонидан ёдгорликнинг зах тортиб, емирилишига сабаб бўлаётган ер ости сувларини ундан узоқлаштириш мақсадида ҳовуз барпо этилди. Шунингдек, бино пойдеворини мустаҳкамлаш, иморатнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган ғиштларини алмаштириш, атрофини ободонлаштириш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилди. Ҳовлилар супаларидан тортиб, хонақоҳ гумбази, эшиклари қайта таъмирланди.

Ўзбекистон Республикаси маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бош бошқармаси томонидан мазкур ёдгорликларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун қарийб 3 миллиард сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.

— Масжид, мақбара ва айвон ҳамда бутун мажмуанинг ташқи-ички кўринишлари обод бўлди, — дейди Қосимшайх жомеъ масжиди имом-хатиби М. Юнусов. — Зиёратчи ва намозхонлар учун керакли шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Усталар ганчкорлик ва ёғоч ўймакорликни санъат даражасига олиб чиқишди. Қараган сайин ҳавас ва ҳайратингиз ошади.

Тадбир якунида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакили, бош имомхатиб Т. Рўзиев барча мўмин-мусулмонлар номидан хайрли ишлар ташаббускорларига миннатдорчилик билдирди.

Ҳа, кунни тунга улаб бажарилган ишлар беиз кетмайди. Зиёратгоҳ ҳовлисига қадам қўйишингиз билан руҳингизни ажиб бир илоҳий нурлар чулғаб олади. Кўнглингизда осуда ҳаёт учун Яратганга шукроналик туйғулари жўш уради.

Жамолиддин АҲТАМОВ.

Суратлар муаллифи

Сирож АСЛОНОВ

25.05.2018