Бугунги кунда вилоятимизда 77,5 минг нафар пенсионер истиқомат қилса, шундан 51 нафари уруш қатнашчиси, қарийб икки минг нафари меҳнат фронти фахрийлари, 23 нафари эса юз ёшдан ошган нуроний отахон ва онахонларимиздир.
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят ва туман бўлими томонидан кексаларимизга моддий-маънавий кўмаклашиш борасида жадал ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Нуронийлар эъзозимизда”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” мавзуларида учрашувлар, байрам тадбирлари ташкил этилиб келинаяпти.
Кўмакка муҳтож фахрийларга фаровон ҳаёт яратиб бериш, аввало уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, соғликларини мустаҳкамлашдан иборат. Шу мақсадда жорий йилнинг ўтган даврида 50 нафардан ортиқ қариянинг уй-жойлари ҳомийлик маблағлари эвазига таъмирланди. Шунингдек, 17,5 минг нафардан ортиқ нуроний тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга шифохоналарда ҳамда сиҳатгоҳларда соғликларини тиклашларига кўмаклашилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан 50 та ногиронлик аравачаси, 12 та эшитиш мосламаси, 27 та ҳасса, 43 та қўлтиқтаёқ фахрийларга бепул тарқатилди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир шаҳар-туманда барпо этилаётган “Нуронийлар маскани” дам олиш муассасалари ёши улуғларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир юксак намунасидир. Айни пайтда Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Навбаҳор, Учқудуқ ва Қизилтепа туманларида ана шундай масканлар фойдаланишга топширилган бўлса, қолган ҳудудларимизда қурилиш ишлари давом эттирилаётир.
Бир сўз билан айтганда, кекса авлод вакиллари манфаатлари йўлида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар давлатимиз эътиборида. Миллийлигимизга хос мазкур саъй-ҳаракатлар замирида эса юксак ҳурмат-эътибор ва ғамхўрлик мужассам.
О. ШУКУРОВ.
21.05.2018