Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган вилоятимиз ўзининг ер ости бойликлари ҳамда табиий шароити билан алоҳида ажралиб туради. Бундай имкониятлардан самарали фойдаланишда эса маҳаллий тадбиркорлар билан бирга хорижий инвесторларни ҳамкорликдаги янги-янги лойиҳалар устида иш олиб боришга жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.
Президентимизнинг жорий йил 2 мартида Навоийга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан вилоятимизда халқаро бизнес форум ўтказилди. Мазкур нуфузли иқтисодий анжуманда дунёнинг 34 давлатидан 171 нафар инвестор, хорижий мамлакатлар элчилари ва дипломатлар иштирок этди.
Тадбирнинг биринчи кунида иштирокчилар Нурота, Навбаҳор ва Кармана туманларида бўлиб, ушбу ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида вилоятимизнинг инвестицион салоҳияти, хорижий компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида батафсил маълумот берилди.
— Бугунги кунда вилоятимизда Англия, Ҳиндистон, Хитой, Швейцария каби ривожланган мамлакатлар ҳамкорлигидаги қарийб 70 га яқин қўшма корхона фаолият олиб бормоқда, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ў. Исломов. — Улар томонидан ўнлаб турдаги қурилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти. Сўнгги йилларда хорижлик ҳамкорларимизнинг қизиқишлари тобора ортиб, мазкур жараён сезиларли равишда юксалаётир. Бу эса минтақамизда инвесторлар кўмагида қатор корхоналар ташкил этилишида асос бўлаяпти.
Бизнес форумнинг иккинчи куни “Навоий” эркин иқтисодий зонаси бўйлаб саёҳатдан бошланди. Иқтисодий ҳудуд дирекциясининг анжуманлар саройида конференция бўлиб ўтди. Тадбирда форум иштирокчиларига воҳамизнинг логистика имкониятлари ҳамда яратилган бошқа қулайликлар хусусида тақдимотлар ўтказилиб, тўлиқ тушунчалар берилди.
— Мамлакатимиз Ўзбекистон, хусусан Навоий конметаллургия комбинати билан кўп йиллардан буён ҳамкорликда иш олиб боради, — дейди Беларус Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич. — Жумладан, ўлкангизнинг тоғкон саноати учун “БеЛАЗ” русумли юк автомашиналари етказиб бераяпмиз. Яқинда ишбилармонларимиз Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқиш корхонасини ташкил этди. Бундан ташқари, айни вақтда Навоийда бройлер товуқ етиштириш борасида ҳам йирик лойиҳани амалга ошириш ҳаракатидамиз. Ҳозирда бу борада музокаралар жараёни бошлаб юборилган. Умуман олганда, ўзаро иқтисодий алоқаларимиз икки халқ орасидаги алоқаларни мустаҳкамламоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими К. Турсунов сўзга чиқар экан, юртимизда эркин иқтисодий зоналар ва саноат ҳудудларининг фаолиятига эътибор қаратди. Жумладан, ҳозирда мамлакатимизда 12 та худди шундай зоналар ҳамда 45 та санаот ҳудудлари фаолият олиб бормоқда. Уларда яратилган солиқ ва бошқа имтиёзлар эса хорижлик тадбиркорларни юртимизга жалб этмоқда. Яқин йиллар ичида яна 50 та янги саноат ҳудудларини ташкил этиш кўзда тутилган. “Навоий” эркин иқтисодий зонаси юртимизда энг биринчилардан ташкил этилган саноат ҳудуди бўлиб, бу ерда барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган.
Бундан ташқари, форумда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбари О. Ҳамраев, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари А. Обидовлар сўзга чиқиб, юртимизда инвесторлар учун яратилаётган қулайликлар, келгусида бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар хусусида таъкидлаб ўтишди.
— 2002 йилдан буён компаниямиз Қизилтепа тумани ҳудудидаги Тўдакўл сув ҳавзасида балиқ етиштириш билан шуғулланиб келади, — дейди Исроил давлатининг “Galidi” компанияси менежери Офер Берзак. — Бугунги кунда Айдаркўлда ҳам балиқчилик, хусусан консервалаш лойиҳасини амалга оширишни режалаштираяпмиз. Халқаро форум доирасида тегишли мутасаддилар билан ушбу истиқболли лойиҳа юзасидан ўзаро келишувга эришдик. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириш имкониятлари пайдо бўлди.
— Ўзбекистон қуёшли ўлка, бу ерда табиий энергетика ишлаб чиқариш имкониятлари катта, — дейди Финландиянинг “ABB” компанияси бизнесни ривожлантириш директори Глен Нюхолм. — Бизнинг корхонамиз айни шу йўналишда иш олиб боради. Халқаро форум доирасида юртингизнинг муқобил энергия ишлаб чиқариш борасидаги имкониятлари билан тўлиқроқ танишдим. Биз бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Келгусида минтақада фотоэлектр станциялар барпо этиш лойиҳалари устида иш олиб боришни режалаштириб олдик.
Форум доирасида маҳаллий тадбиркорларимиз хорижлик ҳамкасблари билан музокаралар олиб боришди. Мазкур учрашувларда туризм, балиқчилик ҳамда қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари юзасидан бир қатор келишувларга эришилди. Шундан сўнг инвесторларнинг форум юзасидан ҳисоботлари тингланди. Халқаро анжуман якунида келгусидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш борасида 20 га яқин меморандумлар имзоланди. Бунда Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Хитой ва Тожикистонлик ишбилармон доира вакиллари ташаббускорлик кўрсатди.
Нуриддин РАҲИМОВ.
Суратлар муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
21.05.2018