f68cd5de1dc9b1ce2d53ebf9a0511e33

ФАХРИЙЛАР МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНДИ

Вилоят ҳокимлигида бир гуруҳ нуроний ва меҳнат фахрийларига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ижтимоий-иқтисодий соҳаларда самарали фаолият юритган, ҳалол меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшган нафақадаги фахрийлар, эл корига ярайдиган, садоқатли, маълумотли фарзандларни вояга етказган, обрў-эътиборга эга онахонлар муносиб тақдирланди.

 Тадбирда нуроний отахон ва онахонлар Давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларига кўрсатаётган эҳтироми ва эъзози учун миннатдорлик сўзларини изҳор этди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бундай юксак эътиборнинг чинакам исботи бўлди. Бугунги кунда пиру бадавлат фахрийларимизнинг бой ҳаётий тажрибаси ва ўгитларини биз, келажак авлод қимматли сабоқ сифатида ўрганишимиз энг азиз бурчимиздир. 

Илк бор берилаётган ушбу нишонга жорий йилда вилоятимиздан 41 нафар фахрий муносиб кўрилди.

— Кўп йиллик фаолиятимиз давомида орттирган ҳаётий ва меҳнат тажрибамиз билан ёшларимизга маслаҳат ва ўгитларимизни аямаймиз, — дейди туманимиздаги Варқ маҳалласидан II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Аҳтам Султонов. — Ўзбекнинг тўю маъракаси кўп. Элулус йиғилганда биз кексаларнинг ҳурматимизни доим жойига қўйишади. Бу миллатимизга хос эзгу фазилатдир. Давлатимиз раҳбарининг бу эътибори эса биз фахрийларни Ватанимиз тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатиб, ёшларга ибрат бўлиб яшашга ундайди. Энг муҳими, жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, барча соҳалардаги ислоҳотлар самарасини кенг тарғиб этишда биринчи бўлиб ўзимиз ташаббус кўрсатамиз.

Нуриддин РАҲИМОВ.

Сурат муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

15.05.2018