Кармана педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида туман ҳокими ўринбосарлари, маҳаллий ҳокимлик мутахассислари, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари учун ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Маҳаллий ижроия ҳокимиятининг қуйи бўғинларида мамлакатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали ва тизимли ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ва сифатини оширишда бевосита туман ҳокими ўринбосарларининг касбий маҳорати, масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида ташкил этилган семинарга барча мутасаддилар жалб этилди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, молия манбалари ва улардан самарали фойдаланиш, тижорат банклари ҳамда суғурта ташкилотларининг замонавий хизматлари, солиқ тизими ва маъмурчилиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция оқимини кучайтириш, кичик саноат зоналарининг аҳамияти, аҳоли бандлигини таъминлаш каби мавзуларда машғулотлар олиб борилди. Бунда тингловчиларнинг маҳоратини ошириш мақсадида интерфаол мулоқот, савол-жавоб ва кейс стади методикалари, ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш ҳамда ролли ўйинлар усулидан кенг фойдаланилди.
— Ҳар бир раҳбар ходим ёки мутахассис ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариши, масалага виждонан, энг муҳими, реал ва объектив ёндашиш халқнинг давлатдан рози бўлишини таъминлайди, — дейди туман ҳокими ўринбосари Элёр Кенжаев. — Зеро, бугун барча тизимда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилсин” тамойили асосида иш олиб борилмоқда. Мазкур ўқувамалий семинар ҳам мутасаддиларнинг масъулиятини ва касбий маҳорати ва тажрибасини оширишга хизмат қилди. Айниқса, аҳоли билан ишлашда баландпарвозлик билан эмас, пастга тушиб, унинг дарду ташвишларини ўрганиш фаолиятимиз самарадорлигини таъминлайди.
Семинар давомида туманда мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилиб тайёрланган манзилли “Йўл хариталари” таҳлил қилиниб, амалий натижалар бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, тадбир якуни билан туман ҳокими ўринбосарларининг айнан ўзига юклатилган функционал вазифалари бўйича амалга оширадиган тадбирлари, аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш, муаммоларга оқилона ечим топиш мақсадида тузиб чиқилган “Йўл хариталари”нинг ижроси бўйича кунлик, ҳафталик, ойлик “Календар иш режалари” тайёрланди.
Ўз мухбиримиз.
07.05.2018