1 га сурат

ЭСДАЛИК НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ.

Вилоят ва Кармана туман ҳокимлигида Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги Фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мукаммал қомуслардан бири бўлиб, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришда муҳим ҳуқуқий ҳужжат эканлиги таъкидланди. Асосий қонунимизда Ўзбекистоннинг ўз танлаган йўли, фуқароларнинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари алоҳида инобатга олинган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида Бош қомусимизда белгиланган қоида ва тамойиллар, реал ва ҳаётий принциплар мужассамдир. Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам Конституциямиз тамойилларига асосланган бўлиб, ҳар бир йўналиш аниқ вазифалар асосида иш олиб боришни талаб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига кўра, бу йил юртимизда Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Айниқса, давлатимиз раҳбари 2017 йил 10 октябрда “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чеккани, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраб-авайлаш, асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни тақдирлашда муҳим омил бўлди.

Хусусан, вилоятимиздан 800 нафардан ортиқ, туманимиздан эса 67 нафар юртдошимиз “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирлангани улар қалбига беқиёс мамнунлик улашди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан вилоят ҳокими Қ.Турсунов ушбу эсдалик нишонларини туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фахрийлар ва ёшларга тантанали равишда топширди.

Мукофотланганлар юксак эътибор ва эътироф учун миннатдорлик билдириб, бу мукофот юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қилиш учун муносиб рағбат эканлигини таъкидлади.

– Байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда мазкур эсдалик нишони менга кутилмаган мукофот бўлди, – дейди Кармана туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактаби директори Т.Халилова.  – Ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаш, конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдалана олиши учун ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, энг муҳими Ватан олдидаги бурчини адо этишида бор билим ва тарбиямни беришга тайёрман.

Бошқа туманларда ҳам эсдалик нишонларини тантанали топшириш маросимлари ўтказилди.

Нуриддин РАҲИМОВ.

Суратлар муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

11.12.2017