1pojarnikВилоятимизда умумтаълим мактаблари ўқув­чилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг мамлакат босқичи ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 жамоа иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлдаги “Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда (табиий ва техноген тусдаги) ҳаракат қилишга тайёрлаш комплекс дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур мусобақа ҳам навқирон авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаро муҳофазасига оид билимини бойитиш, ёшларда фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш ва ўзгаларга ёрдам бериш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир доирасида таълим муассасаларидаги “Ёш қутқарувчилар” клуби фаолиятини акс эттирган кўргазмалар намойиш қилинди.

Иштирокчилар соҳага доир билими, фуқаро муҳофазаси ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш, дарёдан арқон ёрдамида ўтиш, чодир ўрнатиш, фавқулодда ва­зиятларда ҳаракат қилиш жараёнидаги жисмоний машқлар ва 100 метрга тўсиқлар оша эстафетали югуриш каби шартлар бўйича ўзаро баҳслашди.

Вилоятимизнинг "Спасатели" жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Тошкент шаҳрининг "Экстремали" жамоаси иккинчи, Андижон вилоятининг "Бобурийлар" жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Иштирокчилар “Жамоанинг энг яхши шиори”, “Энг яхши клуб фаолияти ёритилган фотоальбом”, “Энг яхши клуб формаси”, “Энг яхши ташкил этилган кўргазма”, “Энг яхши қутқарувчи”, “Энг яхши жамоа байроғи”, “Энг яхши тоғ тайёргарлигига эга жамоа”, “Энг ҳамжиҳат жамоа”, “Энг билимдон жамоа”, “Энг яхши тиббий ёрдам кўрсатган жамоа” каби номинациялар бўйича ҳам тақдирланди.

Ғолиб жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Нуриддин РАҲИМОВ

06.06.2017