Туман ҳокими Фахритдин Умаровнинг Наврўз умумхалқ байрами

муносабати билан тумандошларимизга йўллаган ТАБРИГИ

Қадрли юртдошлар, азиз тумандошлар!

navruznav

 

Айни кунларда қутлуғ қадамлари билан диёримизга кириб келаётган, яшариш ва янгиланиш рамзи, шарқона янги йил – Наврўзи оламни кутиб олиш маросимлари ва хурсандчилиги барчамизнинг қалбимизда чексиз ҳаяжон уйғотмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз аҳлини ана шу қутлуғ кун билан самимий муборакбод этаман!

Наврўз айёми ўзининг қадимийлиги, табиатимизга уйғунлиги ва гўзаллиги, маъно-мазмунининг теранлиги билан бошқа байрамлардан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам бу айёмни ҳар бир хонадон, ҳар бир оила энг катта орзуниятлар билан кутиб оладилар. Ана шу дилбар фаслда инсонларнинг бир-бирига меҳрибонлик кўрсатиши, беморларга, муҳтожларга беминнат ёрдами, табаррук кексаларимизнинг дуосини олиши каби ноёб фазилатлар, албатта, ҳамиша яхшиликка интилишга, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга чорлайди.

Бугун барчамизнинг фикру зикримизни ёритган ёрқин эзгуликлар бор. Биз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган Мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини теран идрок этишимиз зарур. Қайноқ давр мобайнида босиб ўтган оғир, машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган ютуқларимизнинг туб моҳияти – кеча ким эдигу, бугун ким бўлганлигимиз ҳар биримизни чуқур мушоҳада юритишга ундаяпти. Шундай тинч ва осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимизга шукрона келтириб, эртанги кунга дадил қадам ташлаб бормоғимиз керак, албатта.

Наврўз туманимизда ҳам миллий анъана ва удумларимиз бардавомлигини таъминлаб, янги-янги қирралар билан бойитилиб, шоду-хуррамлик билан тантана қилинмоқда. Сабаби ушбу қутлуғ айёмга бу йил ҳар йилгиданда ўзгачароқ ҳозирлик кўрилиб, унда Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги  “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган миллий қадрият ва анъаналарга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Наврўз байрамини барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказиш, меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахонлар ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш ҳақидаги кўрсатмалар ҳар биримизнинг қалбимизга юксак масъулият ҳиссини юклайди.

Қадрли тумандошлар!

Ҳар бир кунимиз янгиликларга бой ўтмоқда. Ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали қўлга киритаётган ютуқларимиз одамларнинг турмуш фаровонлигини оширишга, ҳаёт тарзини яхшилашга олиб келиши муқаррар. Ишлаб чиқаришнинг ривожи ободончилик ва қурилиш ишлари кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Бахтли яшашнинг асосий мезонларидан бири уй-жой шароитларига эга бўлиш, муҳташам бинолар бунёд этилган жойларда умргузаронлик қилиш, замон талаблари даражасида меҳнат шароитларига эришишдан иборат, албатта.

Туманимизда бу йил 718 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жой қурилаяпти. Бу 718 та оила ўз уй-жойига эга бўлади дегани. Қишлоқларда бундай уй-жойлар қуриш ишлари бошлангандан буён туманимизда бир-биридан кўркам массивлар бунёд бўлгани, улар қишлоқларимизнинг кўркига кўрк қўшаётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.   

Юртимизда эзгу ишларни амалга ошириб яшаш учун барча имкониятлар тўла-тўкис яратилган. Эртанги кунига ишонч билан қарайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, қўлини қаёққа узатса етадиган мана шу элда яшашнинг ўзи саодат. Туманимизнинг ҳар бир фуқароси бу оддий ҳақиқатни сезиб турибди десам асло хато қилмайман. Ҳамюртларимиз ислоҳотлар равнақи, эл-юрт манфаати, хонадонларимиз тўкинлигини кўзлаб белини маҳкам боғлаяпти, дея қатъий ишонч билан айтишга ҳақлимиз. Негаки, республикамиз кўламида амалга оширилаётган ишларнинг бутун бўй-басти туманимиз мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Янги йўллар қурилаётгани, аввалгилари таъмирдан чиқарилаётганлиги, инфратузилма объектлари бунёд этилиб, қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб бораётганлиги хусусида кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.

Наврўз ободлик, орасталик, меҳр-оқибат, хайру-саҳоват айёмидир. Халқимиз байрамни бу йил ҳам ана шу эзгу тамойилларга мувофиқ кутиб олмоқда. 11-12 март кунлари ташкил этилган умумхалқ ҳашарида барча тумандошларимиз ўзлари яшаётган, меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқ ва зовурлар, кўча ва хиёбонлар, муқаддас қадамжо ва қабристонларни тозалаш, ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этишди.

Азиз тумандошлар!

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни яна бир бор яшариш ва янгиланиш айёми билан табриклайман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, узоқ-умр тилайман! Эзгу орзуниятларимиз ушалсин. Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

17.03.2017