ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМ ТАНТАНАСИ
      ЭЪЗОЗ ВА ЭТИРОМ

     Баҳор фасли кўнгилга яшариш, янгиланиш, барчага қут-барака, она заминимизга саховат улашганлиги учун ҳам орзиқиб кутилади. 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами ҳам айнан баҳор фаслининг илк кунларида нишонланиши бежизга эмас.


“Истиқлол” тўйлар масканида аёлларимиз байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда турли соҳаларда эътирофли меҳнат қилиб, жамиятимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фаол хотин-қизларимиз, фахрий аёллар иштирок этишди.
Тадбирда туман ҳокими Ф. Умаров сўзга чиқиб, мўътабар аёлларни баҳорнинг илк айёми билан муборакбод этди.
Дарҳақиқат, юртимизда истиқлол йилларида хотин-қизлар меҳнати том маънода қадр ва эъзоз топди. Бу ҳақда гапирар эканмиз, ўтган йиллар давомида аёллар тадбиркорлигига кенг йўл очилганлиги, оилавий бизнес ва касаначилик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар учун барча имкониятлар яратилиб берилаётганлигини айтиб ўтиш ўринлидир.
— Аёлларини улуғлаган халқ азал-азалдан юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қилган миллат сифатида эътибор қозонган. Юртимизда ҳам оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, қизларнинг замон талаблари даражасида билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун барча шароитлар яратилди. Бугунги тантана ҳам биз аёлларга кўрсатилган юксак ғамхўрликнинг яна бир кўринишидир, — дейди “Деҳқон” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Дилрабо Ҳамроева.
Тадбир давомида туман ижтимоий сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган, ўз соҳасида самарали ва муносиб меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар туман ҳокимининг “Фахрий ёрлиқ”лари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Туман маданият ва спорт ишлари бўлими хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар байрам тантанасига янада файз бағишлади.
Ўз мухбиримиз.

13.03.2017