ТУМАНИМИЗ ВАКИЛИ ҒОЛИБ 

 ТУМАНИМИЗ ВАКИЛИ    

Яқинда “Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда туманимизнинг Талқоқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги 57-милиция таянч пункти ғолиб деб топилди ва танловнинг республика босқичига йўлланма олди.


Талқоқ маҳалла фуқаролар йиғини Кармана туманининг обод ва файзли масканларидан. Замонавий бинода жойлашган милиция таянч пунктида барча шароит яратилган. Профилактика инспектори Жав­лонбек Насриддиновнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб бораётган саъйҳаракатлари туфайли ҳудудда жиноятчиликни камайтиришга эришилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида юртимизда тинчлик-осойишталикни асраш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва бу борада милиция таянч пунктлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Танловда милиция таянч пунктларида яратилган шароит, аҳоли ва ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик, ҳудуддаги вазият, профилактика инспекторининг билими ва вояга етмаганлар билан ишлаш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.
— Маҳаллада 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди 57-милиция таянч пункти профилактика инспектори Ж. Насриддинов. — Фаолиятимиз оила, маҳалла ва таълим муассасаси билан бевосита боғлиқ. Ўтган йилларда жиноятлар сонининг кескин камайишида ҳам ушбу ҳамкорлик механизмининг самараси яққол сезилмоқда. Бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш, маҳалла ва унинг фаоллари билан ҳамжиҳатликда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Танловда бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.
Нуриддин РАХИМОВ.
Сурат муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.

14.03.2017