ХОНАДОНИМИЗ ФАРИШТАЛАРИ
— Дада, боғча опам айтдилар, 8 март яқин экан. Менга атлас кўйлак олиб берар экансиз.
— Ана, дадаси, қизингизга атлас кўйлак олиб берсангиз, менга кир ювадиган машина олиб берасиз.
Менимча, бу ширин харҳаша ва истаклар ҳар бир оила бошлиғини мажозий маънода “безовта” қилаётган масаладек гўё. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффоки, аёлларимиз, қизларимиз, опа-сингилларимизнинг кўнглига байрам сиғади, улар гўзаллик ва яшариш фасли баҳорни интиқлик билан кутади. Мана шу неъматнинг ўзи ҳам улар учун энг олий совға.
Дарҳақиқат, Аёл — Яратганнинг дилбар мўъжизаси. Агар мўъжиза бўлмаганида эди, Аллоҳ Қуръонида алоҳида “Нисо” сураси нозил бўлмаган, “Талоқ”, “Таҳрим”, “Моида” суралари орқали аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларга оид масалаларга алоҳида эътибор берилмасди. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадислари орқали “Жаннат оналар оёғи остидадир”, “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши сўзлаганингиздир. Мен сизларнинг яхшиларингизман”, дея бугун аёлига озор бераётган, Аллоҳнинг омонати бўлган аёлни хўрлаши оқибатида эрта қиёматга ўзига жабр қилаётган эркакларни огоҳлантирмасди.
Агар мўжиза бўлмаганида, Амир Темур бобомиз жангу жадаллардан бирида душман қўшинини енголмай, кўп машаққат ва қийинчиликларга дучор бўлганида Бибихонимга хат ёзиб, маслаҳат сўрамасди. Шунда оқила малика “Соҳибқироним, сизнинг қурол-аслаҳангиз, жанг борасидаги барча тадбирларингиз тугаган бўлса ҳам, сиёсатингиз тугамагандир?” деб жавоб йўллаб, буюк саркардага букилмас ирода ҳамда шижоат бағишламасди.
Агар мўъжиза бўлмаганида, шоира Зулфияхоним ҳам ўзи, ҳам турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжон шаъни ва ҳурмати учун умрини бағишлаб, маънавий жасорат соҳибасига айланмасди.
Надоматки, бугун дунёда буюк ҳилқат бўлган аёлларга бўлган эътибор ва ҳурмат мамлакатимиздаги каби эмаслиги барчамизга аён.
Беҳисоб шукр, юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳалардаги фаоллигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат, Оила кодекслари, умуман, 80 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар бевосита аёллар ҳуқуқлари, манфаатлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга алоқадордир.
Юртимизда бахтли ҳаёт кечираётган хотин-қизларимиз қайси миллат ва эътиқод вакиласи бўлишидан қатъи назар келажакка ишонади. Бизда бешик устида алла айтаётган она бомба портлашидан айтаётган алласини эсидан чиқариб юбормайди, остонада турган жангарининг шаҳвоний қарашидан сути қочиб кетмайди. Юмшоқ қўлчаларини оғзига солганча мийиғида кулиб, туш кўраётган чақалоқларимиз қирувчи самолётлар овозидан чўчиб турмайди.
Юртимизда хотин-қизлар тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Тадбиркор аёл”, “Йил аёли” каби танловларни кўриб, “Қани эди битта катагим бўлсаю, ўз товуқларим бўлса, фарзандларимга тухум пишириб берсам”, дея армон қилиб турган афғон аёли аламдан йиғласа керак. Қандай йиғламасин, оила фаровонлиги ва дастурхон бутлигини таъминлаш мақсадида банк ходимларию, ҳокимият вакиллари хонадонларга бориб, товуқлар билан бирга озиқ-овқатигача олиб берсаю, ялқов, боқиманда баъзи хонадон бекалари “Узр, товуққа аллергиям борда!”, дея энсангни қотирса.
Беҳисоб шукр, тонгсаҳарлаб фарзандлари қўлларидан ушлаб, мактабга чопаётган опа-сингилларимиз, меҳрибон бувижонларимиз келажакдан умидвор. Хотиржам бўладида, фарзанди мактабда ҳар куни миллат отасининг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, деган васиятини кўрса. Яшагиси келадида, истиқлолгача эгат бошида кўзи ёриган, пахта даласидаги самолёт заҳаридан чақалоғи ногирон туғилган онаизор бугун Ўзбекистон БМТнинг “Оналар ва болаларни ҳимоя қилиш” дастурлари ижроси бўйича дунёда кучли ўнталикка кираётганига гувоҳ бўлса.
Азиз аёллар, мунис онажонлар, вафодор рафиқаларимиз, меҳрибон опа-сингиллар! Сиз қандай бахтлисиз, шундай жаннатмакон юртингизни хотин-қизларга ғамхўрликни сиёсат даражасига кўтарган Президент бошқараётган бўлса! Сиз қандай бахтлисиз, тўю-томоша, кўча-кўйларда фариштамисол чеҳрангиз, ибоҳаё уфуриб турган оразингизни кўриб гуллашни бошлаган бодом ҳасад қилса!
Оиламиз, қалбимиз, энг асосийси ҳаётимизга бахт ва қувонч олиб кирадиган фаришталаримиз хонадонимизни нурга тўлдирсин. Чексиз қудрат соҳибининг сизни қанотсиз фаришта қилиб яратганига шукр!
Жонибек ШУҲРАТОВ.
07.03.2017