УЛУҒ ШАРАФГА ЛОЙИҚСИЗ
Инсоният тарихида кечган фожеалар, халқ бошига ёғилган бало-офатлар турли даврларда муттасил бўлиб турди. Ана шу талотўплар жабрини энг кўп оналар, аёллар чекишди. Улар нозик елкаларида турмушнинг бутун машаққати, аёвсиз тақдирнинг азобларини кўтариб ўтдилар.
Шундай даврлар бўлдики, аёл камситилди, унинг ижтимоий ҳаётда ўрни бўлиши лозимлиги унутилди, жамиятнинг фаол аъзоси бўлишига тўсқинлик қилинди, у заифа деб таҳқирланди. Беҳисоб шукрки, истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан хотинқизларнинг жамиятимизда ўз ўринларига эга бўлишлари учун алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилди. Ўзбек оналари, ўзбек хотин-қизларининг ҳақиқий қадрқиммати, уларни чинакамига эъзозлаш мустақиллик шарофати билан қатъий асосга эга бўлди.
Бугун хотин-қизларимиз фақатгина оила бекаси бўлибгина қолмай, турли жабҳаларда фаолият юритиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Айниқса, ҳунармандчиликни, тадбиркорликни ривожлантириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, ўз бизнесларини йўлга қўйишлари учун имкониятлар яратиш, имтиёзли кредитлар ажратиш борасида эътирофли ишлар амалга оширилаётгани қувонарлидир.
Ҳунари бор хор бўлмайди, дейди доно халқимиз. Демак, хотин-қизларга ҳунар ўргатиш, уларни иш билан таъминлаш, бу орқали эса кичик ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этиш асосий мақсад ва вазифалардан биридир. Қолаверса, ҳунарли, бичиштикишга эпли, пишир-туширга чаққон бўлиш халқимиз хотин-қизларига хос фазилат ҳисобланади.
Шу боис, жорий йилнинг ўтган муддатида 100 нафардан ортиқ хотин-қизларга банкдан кредит олишга кўмаклашилди. Бу, албатта, шунча иш ўрни яратилди, деганидир. Шунингдек, вақтинча ишсиз аёллар, уй бекалари билан мунтазам равишда маҳалла фуқаролар йиғинларида “Маҳалламиз чеварлари”, “Ибратли хонадон бекаси” мавзуларида давра суҳбатлари, тикувчилик, пазандалик, ҳунармандчилик йўналишларида “Маҳорат дарси” ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда.
Шуниси эътирофга сазоворки, туманимиз хотин-қизлари юртимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиш билан бирга ўзининг билими, касбий малакаси, маҳорати ҳисобидан кўпгина жабҳаларда етакчи мавқеларни эгаллаб келишмоқда. Бугунги кунда ҳаётимизни, илму-фан, таълим-тарбия, фермерлар ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, тиббиёт, маданият ва санъат каби муҳим соҳалар ривожини ташаббускор хотин-қизларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Кўплаб хотин-қизларимиз ўзларининг фидокорона меҳнатлари, жамият ҳаётидаги фаолликлари билан бошқаларга ўрнак бўлиб келишмоқда. Ана шундай фидойи аёлларимиз ҳаққоний маънода туманимиз фахридир.
Улуғ шарафларга лойиқ оналаримизни, хотин-қизларимизни баҳорнинг илк кунларидаги гўзал байрамлари билан табриклаймиз.
Гулноза ШЕРМАТОВА,
туман ҳокими ўринбосари,
туман хотин-қизлар
қўмитаси раиси.
07.03.2017