СИЗ МИЛЛАТ ТАЯНЧИ ВА САДОҚАТ ТИМСОЛИСИЗ!


Туман ҳокими Фахритдин Умаровнинг хотин-қизларга йўллаган байрам ТАБРИГИ

1 БЕТГА РАСМАСОСИЙ


Бутун борлиқ уйғониб, кўнгилларга баҳор шукуҳи кириб келган ушбу фараҳбахш кунларда байрамлар байрамларга уланаяпти.
Фурсатдан фойдаланиб, барча хотин-қизларимизни, муҳтарама онахонлар ва азиз опа-сингилларимизни кўкламнинг илк байрами ҳисобланган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Аёл зоти чиндан ҳам ўз тимсолида гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва фидойилик, сабрқаноат каби олижаноб инсоний фазилатларни мужассам этган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзот мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги “Жаннат – оналарнинг оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш – биз учун ота-боболаримиздан қолган ибратли мерос бўлиб, биз бундай анъаналаримизга доим содиқ бўлиб яшаймиз”, дея таъкидлаган сўзлари гўзаллик ва садоқат тимсоли бўлган азиз аёлларимиз учун берилган юксак баҳодир.
Шарқда аёл ҳамиша эъзозланган. У она тимсоли сифатида Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакийнинг панднома асарларида улуғланди. Алишер Навоий жаннат оналар оёғи остида эканлигини уқтиради. Шоирлар илҳомида, хонандалар хонишларида оналар, гўзаллик рамзи ҳисобланган аёл зоти мадҳ этилади. “Дунёни гўзаллик қутқаради” дейилганда муҳтарама оналаримиз, латофатли аёлларимиз назарда тутилганига шубҳа йўқ. Дунё яралибдики, унда насллар давом этишида оналарнинг, мурғаккина гўдагини бағрига босиб, келажак ҳақида ширин орзулар қилувчи аёлларнинг яратувчилик жасорати таърифларга сиғмайди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда аёлларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик бутунлай ўзгарди. Уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мавқеларини ошириш, жамиятнинг фаол аъзоларига айланишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Аёллар меҳнатини енгиллатиш, қулай меҳнат шарт-шароитларини яратиш, фарзанд тарбиялаётган оналарга ғамхўрлик қилиш, боқувчисини йўқотган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини кучайтиришга қаратилган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони аёлларимизнинг фаоллигини янада ошириш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби ҳаётимизнинг энг муҳим ҳамда долзарб масалаларини ҳал этишда асосий омил бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Бугунги кунда ҳокимият бошқарувининг турли бўғинлари ва поғоналаридаги масъулиятли лавозимларда аёллар фаолияти ошиб бормоқда. Депутат аёлларимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатда муҳим ҳаётий қонунлар ва қарорлар ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда фидойилик кўрсатиб келишаяпти. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини кенгайтиришда аёллар иштироки тобора ортиб бораяпти. Аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида касаначиликни кенг йўлга қўйишга алоҳида эътибор берилаётир. Айниқса, оналарнинг соғлигини муҳофаза қилишга катта эътибор қаратилаяпти. “Соғлом она-соғлом бола” дастури асосида репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, “Соғлом авлодсоғлом келажак негизи” шиори остида кўрилаётган чора-тадбирлар шулар жумласидан. Буларнинг барчаси мамлакатимизда хотин-қизлар нечоғли эъзозда эканлигини ёрқин намоён этади.
Туманимиз аҳолиси­нинг 63600 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улар турли соҳаларда ўзларининг эътирофли меҳнати билан мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдалар. Опа-сингилларимизнинг 1143 нафари соғлиқни сақлаш тизимида, 2468 нафари халқ таълими тизимида, 768 нафари эса қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатишаяпти.
Бугунги кунда мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган 2016 йилда туманимизда 481 нафар хотин-қизга 18 млрд. 378.3 млн. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилиб, бу орқали 627 нафар аёл доимий иш билан таъминланди.
Бугун қайси соҳани олмайлик, хотин-қизларимиз ҳалол ва покиза меҳнатлари билан турмушимизнинг обод ва чароғон, ҳаётимизнинг файзли ва сермазмун бўлишига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшиб келаётганликлари барчамизни бирдек қувонтиради.
Аёл — муқаддас зот. Она — табаррук сиймо. Жажжи қизалоқларимиз, ўсмир ёшидаги илмга чанқоқ қизларимиз нурли келажагимиз, бахтимиз бунёдкорларидир. Шунинг учун уларни ҳар қанча эъзозласак, улуғласак ҳам камлик қилади.
Азиз опа-сингиллар, муҳтарама онахонлар!
Барчангизни 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларга соғлик-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик, файзу барака тилайман. Доимо юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду-хуррамлик аримасин!

07.03.2017