ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ – ТАРАҚҚИЁТНИНГ
МУҲИМ ОМИЛИ
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йилнинг 12 августида қабул қилинган, 2016 йилнинг 24 августида Сенат томонидан маъқулланган ва 2016 йилнинг 14 сентябридан кучга кирган “ Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш ва тадбиқ этиш борасида бир қатор чора – тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонуннинг 5-моддасида ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда уларни ҳам жисмонан, ҳам маънан кучли ва иродали шахс бўлиб камол топиши лозимлиги қайд этилган. Шу билан бирга ёшларнинг самарали ва сифатли таълим олишига алоҳида эътибор қаратилиб, уларга акмеология жиҳатдан таълим – тарбия бериш лозимлиги белгиланган. Ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, шарт – шароитлар яратиш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, тадбиркорликка жалб этиш ва бу йўлда уларни қўллаб – қувватлаш каби масалалар ҳам ушбу моддада қайд этилган Ҳозирги глобаллашув жараёнида ёшларни турли маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларни терроризм ва диний экстремизм каби ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликларининг олдини олиш ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Ёшларни вандалйзм оқимларидан ҳимоя қилиш, миллий қадриятларимизга, бой маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳам ушбу қонуннинг асосий тамойилларидан ҳисобланади.
Иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб – қувватлаш борасида ҳозирги кунда мамлакатимизда қатор чора – тадбирлар режаси ва лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Бунга мисол тариқасида ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун намунали уй – жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора – тадбирлар тизимини амалга ошириш борасидаги эътирофли ишларни айтишимиз мумкин.
Шунингдек, ушбу қонуннинг 2- боб, 11- моддасида Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Унга кўра, ёшларнинг санитария – гигиенага оид билимларини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшлар ўртасида тизимли тиббий текширувларни жадаллаштириш, имконияти чекланган ёшларни тиббий – ижтимоий реабилитация қилиш бўйича чора – тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш каби устувор масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Келажак авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб камол топиши учун у аввало, соғлом муҳитда вояга етмоғи лозим. Шунинг учун ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, кашандалик каби ёмон иллатларга яқин юрган, руҳий ҳолати бузилган, юқумли ва бошқа ижтимоий хавфли касалликларга чалинган ёш фуқароларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш, текширувдан ўтказиш ҳамда тиббий реабилитация қилиш жамият ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга. Ёшларни ҳам руҳан, ҳам маънан соғлом муҳит ва кайфиятда тарбияламоқ бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Негаки, жадал суратларда ривожланаётган ҳозирги глобаллашув жараёнида ёшларни турли номаъқулчиликлардан асраш, уларни соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшашга даъват этиш барчамизнинг олий бурчимизга айланмоғи даркор.
Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, турли чет давлатларга ишлаш учун кетаётган ёшлар ва бунинг оқибатида уларнинг саломатлигида пайдо бўлаётган жиддий муаммолар ҳам куннинг долзарб мавзуларидандир. Бу муаммонинг олдини олиш учун, аввало, ота – она, оила, маҳалла, таълим соҳаси ходимлари зиммасига катта масъулият юкланган. Хусусан, ушбу қонуннинг 12 – моддасида маданият ва спорт ишлари бўйича органларнинг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари ҳам аниқ ва қатъий белгилаб берилган. Ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга бўлган интилишни ва спортга қизиқишни рағбатлантириш бўйича чора – тадбирларни амалга ошириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилган. Ёшлар ўртасида халқ ўйинлари, миллий ва бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек, бадиий ижодиётни, халқ ва ҳаваскорлик ижодиётини тарғиб қилишни амалга ошириш масалалари ҳам ушбу қонуннинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этилганлиги барчамиз учун аҳамиятлидир. Чунки ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этиш унинг келажагига қанчалик таъсир қилишини бугун барчамиз тушунамиз.
Бундан ташқари, қонунда ёшлар ўртасида кино, театр, мусиқа, хореография, тасвирий санъат, цирк, халқ амалий санъати ва эстрада санъатини ривожлантиришга, уларнинг ғоявий – бадиий ва ахлоқий савиясини оширишга кўмаклашиш, халқаро маданий, спорт алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда конференциялар, кўргазмалар, спорт мусобақаларини ўтказишда иштирок эттириш, ижодкор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, уларнинг ўз иқтидори ҳамда истеъдодини тўлақонли намоён қилиши учун зарур шарт – шароитлар яратиш, халқаро ва республика миқёсидаги ижодий сафарларнинг ташкил этилишини таъминлаш каби муҳим ва устувор йўналишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Бу албатта, эртанги кунимиз ворислари бўлмиш ёшлар учун янада кенг имкониятлар эшигини очиши ва уларни ватанимизга, халқимизга содиқ, фидойи фарзандлар бўлиб камол топишида муҳимдир.
Гулчеҳра ЙЎЛДОШЕВА,
28-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.
21.02.2017