БОБУРНИНГ

 

 

 

БОБУРНИНГ САБР-БАРДОШИ

 

 

 

 

 

 

Ўзининг сабр-бардоши, муруввати, одиллиги ва ажойиб асарлари билан халқимиз кўнглидан жой олган буюк сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир.

12 ёшида тахтга ўтирган Бобурнинг ёшлиги шафқатсизлик, адолатсизлик, нокас бекларнинг бир-бирлари билан аёвсиз кураши, ҳаётнинг ёзилмаган аччиқ синовлари таъсирида ўтган. Унинг чеккан азобларидан, тортган заҳматларидан хабардор бўлганлар Бобурнинг сабр-бардошига тасанно айтишса, ҳеч ажабланманг.

Шайбонийхон Самарқандни беш ой қамал қилганида элу юрт қанча қийналган бўлса, Бобур ва унинг хонадони ҳам шунча кўп азият чеккан. Ҳатто Ойшабегимнинг олти ойлик чақалоғи очликдан биғиллаб йиғлашга тушганида она – болага егулик топиб беришга Бобур ҳам ожиз қолади. Гўдакни бир аёлга эмиздилару фалокат юз берди: ўша аёл вабо касалига йўлиққан экан. Олти ойлик Фах­ринисо ҳам вабо касаллигига чалиниб, вафот этади. Кафанга ўралган мурғаккина жонни қабргача кўтариб борган Бобур ҳаётнинг бу аччиқ синовига дош беролмай йиғлаб юборади ва “Майли, шу вабо менга юқсину бу азоблардан бир йўла халос бўлай”, дея дилбандининг совуқ юзидан сўнгги бор ўпади.

Қамалдан қутилиб Тошкентга, тоғаси Маҳмудхон ҳузурига паноҳ излаб борганида ўз тоғаси унга опасининг ёв қўлида қолганини айтиб, маломат қилади. Ҳатто суйган ёри Ойшабегим ҳам оғир кунларида ёнида мардона туриб, далда бериш ўрнига ундан воз кечади ҳамда Бобурни азоблар гирдобига ташлаб кетади.

Бобур Қобулга кетиш чоғида қорли бир довондан ўтишга мажбур бўлади. Уларга Султон исмли йўлбошчи йўл кўрсатиб борар эди. Султоннинг темурийзодалардан адовати бор бўлиб, қасд олиш ниятида уларни қорли довонда адаштириб ҳалок этишга аҳд қилади. У Бобурнинг совуқдан асабий­лашишини, йўл юриш жуда секинлаб қолганидан тажанг бўлишини, одамларига бақириб-чақириб иш буюришини, айтганини қилмаганларни қамчи билан савалашини кутар эди. Аммо Бобур қор тепкилаб ҳансираб қолганларни кўриб, индамай отдан тушади ва уларнинг ёнига бориб қор тепкилаганича йўл оча бошлайди. Қаҳратон қиш бўлишига қарамай таҳорат олиб, намоз ўқишни канда қилмайди ҳамда Яратгандан бу қор қалъасидан одамлари билан соғ-омон чиқиб кетишини илтижо қилиб сўрайди. Унинг бу ишла­рини кўрган Султон ёвуз фикридан қайтади ва тўғри йўл кўрсатиб, барчани довондан ўтказиб қўяди. Чунки йўл бошчи Бобурнинг мардлигига, сабр-бардошига, инсонийлигига қойил қолган эдида!

Биз шундай зот авлоди эканлигимиздан қанча фахрлансак арзийди. Бобурнинг асарларидан бир олам илм эгалласак, характеридан бошга ташвиш, азоб-уқубат тушганида сабр билан барчасини енгишни ўрганишимиз керак.

Шалола ШАМСИЕВА,

“Чашма” адабий

тўгараги аъзоси.

15.02.2017