Кармана тумани ҳокими Валижон Адизовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг

32 йиллиги муносабати билан байрам

ТАБРИГИ

Ассалому алайкум,қадрли дўстлар!
Азиз тумандошлар!

Аввало, Сиз азизларни ва Сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўттиз икки йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва буни юксак қадрлаймиз.

Ўтган даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларига айланди.

Бу борада, Конституциямиз, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуришда, халқимиз учун фаровон ҳаёт барпо этишда, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.

Хурматли Президентимиз таъкидлаганларидек,Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Конституциямиз билан мустаҳкамлаб қўйилган тамойилларни амалга ошириш йўлидан дадил одимлаб бораётганимиз, аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг жадал ўсиб, юртимиз қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни бутунлай ўзгариб бораётгани барчамизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Охирги йилларда юртимизда асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, катта ўзгаришлар юз берди.

Барчамиз бир бўлиб, ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНни бунёд этишда ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз.

Бу ўзгаришларни узоққа бормай, айни кунларда туманимиздаги улкан бунёдкорлик ишлари, қўлга киритилаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Биргина, 2024 йил Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида ҳудудда бажарилган ишларга жами 100,0 миллиард.сўмдан ортиқ маблағ сарф этилгани ҳам амалга оширилган бунёдкорликлар кўлами қанчалик улкан ва эътирофли эканлигидан далолатдир.

Барчамизга маълумки, ўтган йили Янги Ўзбекистон учун Конституциямизга бир қатор ўзгаришлар киритилди, аввало барча ислоҳотларимиз замирида, инсон унинг хуқуқ ва манфаати барча нарсадан устунлиги, давлатимиз ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги асосий Қонун билан мустахкамланди.

Давлат бошқаруви сохасида киритилган ўзгаришлар натижасида, яқинда аралаш тизимидаги сайловлар юқори савияда ўтказилиб, янги шакллантирилган Қонунчилик палатаси ва Сенат янгича тизимда иш бошлади.

Хурматли Президентимиз парламентнинг 2 та палатаси билан бўлган учрашувларда Янги Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги ривожланиш йўналишларини белгилаб бериб,2025 йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди.

      Ушбу йил дастурида “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши зарурлиги таъкидланди.

Президент сўзининг давомида бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётганини қайд этди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда. 

      Бунга жавобан Ўзбекистонда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошлагани. Қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришгани, Пойтахт Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилганлиги бу, барча ишларимиз таг замирида ахолимизнинг фаровон турмуш кечириши мақсад қилинганлигидир.

      Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиёт драйверларидан бирига айланмоқда. Бу йўналишда хам дунёнинг энг олди бўлган халқаро ташкилотлар ва компаниялар давлатимиз билан кўп томонлама хамкорлик қилаётганлиги, давлатимизни халқаро миқёсда обрў-эътиборини оширишга хизмат қилмоқда.

Албатта, Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида аввало фуқароларнинг бугунги кундан рози, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашдек улуғвор мақсад мужассамдир.

Ҳурматли тумандошлар,

Сўзим якунида Сизларни яна бир бор, Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги байрами билан қутлар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилангизга тинчлик, эзгу ишларингиз ва ташаббусларингиз рўёбида муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!