МЕВАЛИ БОҒЛАРДАН МЎЛ ВА СИФАТЛИ ҲОСИЛ ОЛАЙ ДЕСАНГИЗ.....




         Мевали боғларнинг маҳсулдорлигини оширишнинг асосий омили уни турли касаллик ва зараркунандалардан ўз вақтида ва сифатли ҳимоя қилиш тадбирларини бажаришдир. Хўш бугунги кунда қандай зараркунанда ва касаллик турлари учрамоқда?
— Боғ ва токзорларда учрайдиган зараркунандаларнинг айрим турлари – олма, олхўри ва узум мевахўрқуртлари, бинафшаранг, сохта қалқондорлар, мева ўргимчак каналари, нок ширинчаси, нок шира бити, акация сохта қалқондори, шарқ мева қурти, ғилофли куя мавсум давомида бир неча марта авлод бериб катта зарар етказади.
Мевали дарахтларнинг касалликларида тешикчали доғланиш (клястер оспориёз), монилиоз (куйдирги касаллиги), ун шудринг, парша (қўтир касаллиги), шафтолининг барг бужмайиши, олхўрининг чўнтакча касалликлари ҳосилнинг сифат ва миқдорига катта зиён етказмоқда.


Токнинг айрим касалликлари, айниқса, уншудринг (оидиун, кул касаллиги), антракнос касаллиги, сохта уншудринг (мильдью) касалликлари кенг тарқалган.
Карантин ҳисобланган айрим зараркунандалар – калифорния қалқондори, қонли бит, тут парвонаси, ситрус оққаноти, ситрус инли куя,  паразит ўсимликлар – девпечак ва зарпечаклар йил сайин жуда кўп тарқалиб, боғбон ва соҳибкорларимизга жуда катта ташвиш туғдирмоқда.


Сабзавот ва полиз экинларида зараркунандалардан ўсимлик битлари, оққанот, ғовакловчи пашша, занг канаси, тунламлар, колорадо қўнғизи, карам бити, карам оқ капалаги қуртлари, пиёз пашшаси, сабзи пашшаси, сабзавот экинлари касалликларидан помидорнинг фузариоз, вертициллиоз сўлиш касалликлари, фитофториоз ва қўнғир доғланиш, кулранг чириш касалликлари ҳамда вирус касалликлари (тамаки мозайкаси, жуфт стриги) ва бошқа касаллик ва зараркунандалар очиқда ҳамда иссиқхоналарда катта зарар келтиряпти.
Охирги йилларда мамлакатимизда учрамайдиган зарарли ҳашорат ва каналар ҳам турли йўллар орқали кириб келди. Бунга мисол қилиб, сабзавот, полиз ва картошка зараркунандаларидан колорадо қўнғизи, иссиқхона оққанати, ғўза оққаноти, ғовакловчи пашшалар, занг канаси, қовун пашшасини кўрсатиб ўтиш жоиз. Булардан ташқари қўшни мамлакатлардан америка капалаги ҳамда картошка куясининг кириб келиш хавфи мавжуд.
Боғ-роғларга зарар етказаётган ушбу касалликларга қандай курашиш мумкин?
— Агротехник тадбирлар – эрта баҳорда зараркунанда ва касалликлар таъсирида қуриган шох-шаббаларни кесиш, шакл бериш, шох-шаббаларни, айниқса тўкилган барглар ва мева, узум қолдиқларини даладан чиқариб йўқотиш, қатор ораларини шудгорлаш лозим. Мавсум давомида агротехник тадбирларни, суғориш ишларини белгиланган муддатда ва меъёрларда ўтказилишини таъминлаш, органик ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида ва меъёрларида озиқлантириш, кўмилган токларни ўз муддатида очиш ва кўтариш, хомтак қилиш ва чилпиш керак.


Сабзавот ва полиз экинларида белгиланган барча агротехник тадбирларни ўз муддат ва меъёрларида амалга ошириш билан ҳосилни мўл қилиб олиш мумкин.
Биологик ҳимоя тадбирлари — ҳозирги пайтда мевали боғларда олма қуртининг тухумига қарши тухумхўр паразит трихограмма, барг шираларига қарши олтинкўз, қон битига қарши афелиниус, комсток қуртига қарши псевдофикус паразитлари ҳамда барг кемирувчи қуртларига қарши микробиологик препаратлар қўлланилмоқда. Табиий кушандаларнинг фаолиятини кучайтириш учун боғларнинг ичига нектарга бой ўсимликлар экилади.
Сабзавот ва полиз экинларининг зараркунандаларига қарши биологик усулда курашда уларнинг табиий кушандаларидан энкарзия (оққанотга қарши), олтинкўз (ширалар, каналар ва трипсга қарши), тухумхўр трихограмма (ер ости ва ер устки тунламлар тухумига қарши), бракон паразити (помидор, карамда тунлам қуртларига қарши) самарали фойдаланилмоқда.
Биологик усулни иссиқхона ва очиқ майдонлардаги сабзавот экинларида қўллаш экологик тоза маҳсулот етказиб беришга имкон беради.
Кимёвий тадбирлар – мевали боғларда калмараз, клястероспориоз, доғланиш ва бошқа касалликларга қарши эрта баҳорда куртакланиш олдидан 3-4 фоизли бордо суюқлиги ёки 1 фоизли мис купроси эритмаси, зараркунандаларга қарши минерал профинли препаратлар билан ишлов бериш лозим.


Навоий вилояти ЎКЧМ инспектори:
Муминова Мохичехра