Кармана туман ҳокими Ф.С.Умаровнинг ҳудудларда янги экология маданиятини жорий этиш, маҳаллаларнинг тозалиги ва ободлигини таъминлаш ҳамда яшил ҳудудларни кўпайтириш борасидаги ишлар юзасидан аҳолига

МУРОЖААТИ

 

Ассалому алайкум қадрли тумандошлар!

Бугун экологик муаммоларнинг макон ва чегара танламаслигини даврнинг ўзи яққол кўрсатмоқда. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 2 феврал куни чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди ва жорий йилдаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан Президенимиз ўз нутқида “Ҳаммангиз яхши биласиз, халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган. Халқимизда “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди. Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди.

Бугун дунё миқёсида техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқаётгани бежиз эмас.

Биз бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутмасак, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз", "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир
эмас", - деди давлатимиз раҳбари.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида Кармана туманидаги қишлоқ хўжалиги ерлари, дарахтзорлар барпо этиладиган ерлар, фермер хўжаликларининг экин ер майдонлари четларида, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳоли хонадонларида 820 мингдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.

    Жумладан, туманимиздаги "Ҳазора" ҳудудида 20 гектар ер майдонида, "Жалойир" ҳудудида 2 гектар ер майдонида, “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудида "Шерхон Кармана" фермер хўжалиги атрофидаги 2 гектар ер майдонларида, "Сардоба" МФЙ ҳудудида 1 гектар фойдаланилмаётган ер майдонида манзарали дарахт кўчатлари экилиб, яшил маконга айлантирилди.

Кармана туманида баҳор мавсумида 1 465 000 мингта дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етарли миқдорда етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтиришимиз зарур.

2022 йилнинг баҳор мавсумида туманда кўчат экиш ишларини тизимли йўлга қўйиш мақсадида, ҳар бир маҳалла марказларида кўчат ярмаркалари ташкил этилади.

Туманимизнинг ҳар бир фуқароларини ўз хонадони, кўчаси, маҳалласи, ўзи фаолият олиб бораётган корхона, ташкилот ва муассасасида, шунингдек туманимизнинг аҳоли гавжум жойлари ва дам олиш масканларида дарахт экишга чорлаймиз.

    Ҳар йили анъанавий равишда баҳор ойларида мазкур акция ўтказилишида ўз ҳиссамизни қўшсак, туманимизда дарахт экиш учун бўш жой қолмагунча ҳаракат қилсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Экиладиган дарахтлар заминимизни кўкка буркаши, чиройига чирой қўшиши билан аллергияга мойил минглаб кишиларнинг соғлигини ҳимоя қилиши лозимлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

Шунингдек, экиладиган дарахт кўчатларини парвариш қилиш, суғориш ва ҳар бир кўчат дарахт бўлиб вояга етишгунга қадар  ҳам бефарқ бўлмаслигимиз керак. Зеро улар ҳам парвариш ва меҳрга муҳтож эканлигини англаган ҳолда бу ишларни амалга оширишимиз лозим.

Ушбу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда дарахт экиш ишларини босқичма-босқич давом эттириб, туманимизни яшил маконга айлантиришда барчангиз ўз ҳиссангизни қўшишга чорлаб қоламиз.