Маълумки, мамлакатимизда 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги қарорига асосан, мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш сифатини таъминлаш, унинг ташкилий ва услубий жиҳатлари, дастурий-техник таъминоти ва маълумотларни қайта ишлаш технологик жараёнлари ҳозирлигини аниқлаш мақсадида, 2021 йил 1-25 ноябрь кунлари республикамизнинг 4 та ҳудудида синов тариқасида аҳоли рўйхатга олинди.
Синов натижаларидан келиб чиқиб, 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш дастури, рўйхатга олиш саволномалари, методик қўлланмалар ва норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилади ҳамда маълумотларни қайта ишлаш бўйича ахборот тизими такомиллаштирилади. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида иштирок этиш учун 2021 йилнинг 12-20 ноябрь кунлари халқаро кузатув миссияси мамлакатимизга ташриф буюрди. 11 кишидан иборат ушбу миссия вакиллари республикамизнинг 4 та ҳудудида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга кўрилган тайёргарлик ва уни ўтказиш ишлари билан танишди. Улар бу жараённи ижобий баҳолаб, уни янада сифатли ва замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди. Жумладан, саволномаларни миллий менталитетга мослаштиришни янада такомиллаштириш, планшетлардан кенг фойдаланиш, интернет тармоғи орқали рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, планшет усулида рўйхатга олиш жараёни қоғоз усулига қараганда қулайлиги, тезкорлиги ва самарали экани кузатилди. Агар қоғоз услубида ишлаган бир ходим ўртача 350 тадан 400 тагача шахсни рўйхатга олган бўлса, планшетда ўртача 500 тадан 750 тагача тўғри келди.
Қайд этиш жоизки, синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари муайян муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда ҳамда маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилган бўлса-да, аҳолининг рўйхатга олиш тадбиридан тўлиқ хабардор эмаслиги, айниқса, хонадонларда яшовчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар айрим маҳалла идораларидаги мавжуд ахборотга мос келмаслиги ҳам кузатилди.
Аҳолини рўйхатга олиш натижаларидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, таълим, соғлиқни сақлаш, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот манбаи сифатида фойдаланилади. Шунингдек, бу натижалар миллий барқарор ривожланиш мақсадлари индикаторларини шакллантириш, халқаро рейтинглар ва индексларда, жумладан, Статистика салоҳияти индекси, Инсон баркамоллиги индекси, Иқтисодий эркинлик индекси кабиларда мамлакатимизнинг ўрнини юксалтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, рўйхатга олиш натижалари хорижий инвесторларни кенгроқ жалб қилиш, инвестицион муҳитни янада яхшилаш, туризм салоҳиятини ошириш, иқтисодиёт юксалиши ва пировардида аҳолимизнинг фаровонлигини янада яхшилашда қўл келади.